Ёш математикларимиз ютуғи
Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида халқаро олимпиададан ютуқлар билан қайтган ёшлар тантанали кутиб олинди.
Шу йилнинг 9-14 январь кунлари бир гуруҳ ўзбекистонлик ёшлар Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида бўлиб ўтган математика, физика ва информатика фанлари бўйича 16-халқаро Жаутиков (IZHO) олимпиадасида қатнашиб, муносиб ўринларни эгаллаб қайтди.
Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида халқаро олимпиададан ютуқлар билан қайтган ёшлар тантанали кутиб олинди.
Президентимиз 2019 йилнинг 27 декабрь куни Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабда ёшлар билан учрашув чоғида мамлакатимиздаги барча эзгу ишлар, ислоҳотлар Ўзбекистоннинг эртанги кунига қаратилгани, келажагимиз замини эса ёшлар эканини, уларнинг Ватанимизга муносиб фарзанд бўлиб етишиши йўлида ҳамма шароитлар яратиб берилажагига алоҳида эътибор қаратган эди. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълим вазирлиги томонидан ёшларимизни халқаро олимпиадаларга муносиб тарзда тайёрлаш юзасидан тизимли ишлар олиб борилмоқда.
...Олмаота шаҳридан Тошкентга келган самолёт оҳиста заминимизга қўнади. Она Ўзбекистон байроғини қўлда тутган, бўйнига медалларни илиб олган ёшлар аэропортдан бирин-кетин чиқиб кела бошлайдилар. Уларни устозлари, ота-оналари, дўстлари гуллар, олқишлар билан кутиб олмоқда. Кимдир ўзида йўқ хурсанд. Мурғаккина қиз яхши ниятлар билан олимпиадага боргану ҳаяжонданми ваъдасининг устидан чиқолмаган. Кўзлари тўла ёш ота-онаси бағрига ўзини отган қизчани ҳижолат этмасликка ҳаракат қиламиз.
Ўзбекистонлик ёшлар халқаро фан олимпиадаларида бир эмас, бир неча бор муваффақиятли иштирок этиб, нуфузли ўринларга муносиб топилган эди. Қозоғистонда бўлиб ўтган математика, физика ва информатика фанлари бўйича 16-халқаро Жаутиков (IZHO) олимпиадасида дунёнинг 21 давлатидан 84 та жамоа, жами 600 нафардан ортиқ иштирокчи ўз билимни синаб кўрди.
Жаҳон миқёсидаги нуфузли ушбу олимпиада 2005 йилдан буён ўтказилиб, унга турли мамлакатларнинг STEM (фан, технология, инженеринг, математика) соҳасига ихтисослашган мактаблари жамоалари жалб этилади.
Олимпиада натижаларига кўра, Бухоро вилояти Пешку туманидаги 18-умумтаълим мактабининг 11-синф ўқувчиси Жаҳонгир Норбоев кумуш медалга муносиб топилди. Бухоро вилояти Ғиждувон туманидаги 5-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабининг 10-синф ўқувчиси Диёрбек Толибов, Қашқадарё вилояти Китоб тумани, 1-сон ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби 11-синф ўқувчиси Элдор Нейматов, С.Сирожиддинов номидаги “Табиий ва аниқ фанлар”га ихтисослаштирилган республика академик лицейи ўқувчиси Фаррух Маҳмудов, Наманган давлат университети қошидаги академик лицей ўқувчиси Иброҳимжон Мирғиёсов, Бухоро давлат университети Қоракўл академик лицей ўқувчиси Шаҳбоз Ҳасанов бронза медални қўлга киритди.
– Бугун астойдил ўқийман, изланаман, деган ёшлар учун барча шароит яратилган, – деди Бухоро вилояти Пешку туманидаги 18-умумтаълим мактабининг 11-синф ўқувчиси Жаҳонгир Норбоев. – Аввал ҳам Таиланд, Болгария, Жанубий Африка Республикасида бўлиб ўтган математика бўйича бу каби халқаро билимлар мусобақасида медалларга муносиб бўлгандим. Юртимизда ёшлар учун яратилган кўплаб шароитлар, устозларимиздан олган билимлар сабабли шундай натижаларга эришдим.
– Ўғлим Жаҳонгир билимлар сари интилиши, ўз устида тинимсиз ишлаши ва энг асосийси юртимизда ёшларга кўрсатилаётган эътибор сабабли шундай зафарни қўлга киритди, – деди Жўрабек Муродов.