ЎзА Ўзбек

07.07.2018 11:55 Чоп этиш версияси

Ёш математикларимиз тантанали кутиб олинди

Ёш математикларимиз тантанали кутиб олинди Аввал хабар берганимиздек, жорий йилнинг 1-6 июль кунлари Болгария давлатининг Бургас шаҳрида мактаб ўқувчилари ўртасида халқаро математика мусобақаси бўлиб ўтди. Унда мамлакатимиз вакиллари мусобақа тарихида илк бор умумжамоа ҳисобида яхши натижани қайд этди.

Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида ёш математикларимизни Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги масъуллари, кенг жамоатчилик вакиллари, ота-оналар, ёшлар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари тантанали кутиб олди.

Ушбу нуфузли халқаро мусобақада дунёнинг 30 дан ортиқ давлатидан 600 дан ортиқ иқтидорли ўқувчи қатнашди. Жамоалар ўртасида ўтказилган билимлар баҳсида Бухоро вилояти Қоракўл туманидаги 1-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабининг 8-синф ўқувчиси Дониёр Исмоилов барча шартларда юқори натижа қайд этиб, биринчи ўрин билан олтин медални қўлга киритди. Ушбу таълим муассасасининг 7-синф ўқувчиси Лазизбек Ражаббоев, Пешку туманидаги 18-умумтаълим мактабининг 9-синф ўқувчиси Жаҳонгир Норбоев кумуш медаль, Сурхондарё вилояти Термиз шаҳридаги 4-ихтисослаштирилган мактаб-интернатининг 7-синф ўқувчиси Искандар Бўриев ҳамда Тошкент шаҳри Учтепа туманидаги 4-умумтаълим мактабининг 7-синф ўқувчиси Муҳаммадризо Мажидов эса бронза медали билан тақдирланди. 

10.jpg

– Математика фанидан мураккаб тенгламаларни ечишни яхши кўраман, – дейди мусобақа ғолиби, Бухоро вилояти Қоракўл туманидаги 1-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабининг 8-синф ўқувчиси Д.Исмоилов. – Ушбу нуфузли мусобақада қатнашиш учун жуда кўп тайёрландим. Беллашувларда бу менга қўл келди ва ўз маҳоратимни синовдан ўтказдим. Асосийси бошқа давлатлардан келган тенгдошларим билан дўстлашдим.

Сўнги йиллар мамлакатимизда таълим тизими тубдан ислоҳ қилиниб, ўқитиш жараёнига илғор методик усуллар, янги педагогик технологиялар татбиқ қилинди. Бунинг натижасида ёшларнинг фанларга қизиқиши ошиб, нуфузли кўрик-танлов ва интеллектуал мусобақаларда зафар қучмоқда.

– Қўлга киритган муваффақиятларимда ота-онам ва устозларимнинг меҳнати юқори бўлди, – дейди мусобақанинг кумуш медаль соҳиби, Пешку туманидаги 18-умумтаълим мактаби 9-синф ўқувчиси Ж.Норбоев. – Устозларим берган билим ва тавсиялари туфайли ушбу халқаро мусобақада яхши натижа кўрсатиб, мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилдим. Жамоавий ҳамда якка тартибдаги баҳсларда бизга берилган математик тенгламаларни тўғри ечишда унчалик қийналмаган бўлсам ҳам лекин бироз ҳаяжонландим. Келгусида ўз устимда янада кўпроқ ишлаб, бунданда юқори натижаларга эришишни мақсад қилганман.

Абдулазиз Мусаев, Фарҳод Абдурасулов (сурат), ЎзА
8 111