Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

12.07.2018 16:53 Чоп этиш версияси

“Ёш китобхон” танловининг илк босқичи қандай ташкил этилмоқда?

“Ёш китобхон” танловининг илк босқичи қандай ташкил этилмоқда?
Бугунги кунда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва бир қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилаётган “Ёш китобхон” танловининг 20-30 ёш кесимидаги илк саралаш босқичи бўлиб ўтмоқда. Юртимиз бўйлаб уч кун давом этадиган танловда ариза берган 720 минг ёш қатнашиши кутилмоқда.

Тошкент давлат иқтисодиёт университетида танловнинг Чилонзор тумани миқёсидаги талабгорлар тест синовидан ўтди.

Алишер Навоий, Бобур, Огаҳий, Бердақ сингари мутафаккирлар ижоди ва фаолияти, жаҳон адабиётининг дурдона асарлари, шунингдек, “Алпомиш”, “Гўрўғли”, “Кунтуғмиш” каби халқ достонлари, жаҳон адабиёти дурдоналари асосида тайёрланган тест саволлари ёшлар билимини синовдан ўтказади. 50 та саволга 25 дақиқа вақт берилади. Иштирокчи тест натижалари билан ўша вақтнинг ўзидаёқ танишиши мумкин. 86 ва ундан юқори балл йиққан иштирокчилар иккинчи босқичда иштирок этади.

6.jpg

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 12 майдаги “Буюк алломалар, адиб ва мутафаккирларимиз ижодий меросини кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш мақсадида ёшлар ўртасида китобхонлик танловларини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ўтказилаётган танловни ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилди. Жараённи кузатиш мақсадида видеокамера назорати, тез тиббий ёрдам хизмати ташкил этилди.

Иштирокчилардан 51 минг 4 нафари Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келмоқда. Шундан Чилонзор тумани бўйича 20-30 ёшли 275 талабгор ариза топширган.

7.jpg

Ўткирбек Қутбиддинов Наманган вилоятида яшайди. Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетининг 2-босқич талабаси. У айни вақтда ўз вилоятидаги тест синовларида иштирок этмоқда. У ҳақдаги маълумотлар электрон шаклда компьютерга жойланди ва қатнашаётган ҳудудига юборилди.

3.jpg

Ёшлар ўртасида китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини янада ошириш, болаликдан уларни китобга шайдо этиш, қизиқиш ва интилишларини қўллаб-қувватлаш, интеллектуал салоҳияти ва маънавий савиясини юксалтиришга хизмат қиладиган ушбу лойиҳа 4 босқичда амалга оширилади.

Барно Мелиқулова, Фарҳод Абдурасулов (сурат) ЎзА
7 341