ЎзА Ўзбек

27.07.2018 12:37 Чоп этиш версияси

“Ёш китобхон”нинг 2-босқичи қандай тартибда ўтказилади? Тестми ёки суҳбат?

“Ёш китобхон”нинг 2-босқичи қандай тартибда ўтказилади? Тестми ёки суҳбат?
Ёшлар китобхонлигини ошириш масаласида танланган тўғри йўлнинг илк натижаларини жорий йилда иккинчи марта ўтказилаётган “Ёш китобхон” республика кўрик-танлови мисолида ҳам кўриш мумкин.

Хабарингиз бор, 12-14 июль кунлари Республиканинг барча туман (шаҳар)ларида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташаббуси ва қатор ташкилотлар ҳамкорлигида танловнинг саралаш босқичлари тест синовлари шаклида ўтказилган эди.

Шов-шувларга сабаб бўлган ушбу танловда ташкилотчилар томонидан бу йил кўп сонли ёшларнинг таклифлари асосида 10-14 ёш тоифаси ҳам қўшилди. Бу эса китоб ўқишга қизиқувчилар сонини янада оширди.

Буюк адиб ва мутафаккирларимизнинг нодир мероси, ибратли ҳаёти ва ижтимоий фаолиятини ҳар томонлама чуқур ўрганиш ва тарғиб этиш, китобхонлик маданиятини кенг оммалаштириш, энг муҳими, ёшларнинг дунёқарашини шакллантиришни кўзлаган танлов борган сари оммалашиб, янги давр китобхонларини шакллантирмоқда. Буни танловда иштирок этиш учун мурожаат қилган 720 минг нафарга яқин ёшларнинг ташаббусида ҳам сезиш мумкин.

Танловнинг тест шаклида ўтган саралаш босқичларида 3 та ёш тоифаси – 10-14, 15-19, 20-30 ёш тоифалари бўйича жами 5055 нафар иштирокчи 86 ва ундан юқори балл тўплаб, иккинчи, яъни туман (шаҳар) босқичига йўлланмани қўлга киритган эди.

Эндиликда аксар китобхонларимизни, лойиҳа кузатувчиларини танловнинг маҳаллий босқичи қандай тартибда ўтказилиши қизиқтирмоқда. 

Демак, жорий йилнинг 7-9 август кунлари Республиканинг барча туман шаҳарларида “Ёш китобхон” танловининг маҳаллий босқичлари ўтказилади. Унда туман (шаҳар)лар миқёсида саралаш босқичида 86 ва ундан юқори баллни қўлга киритган иштирокчилар “Ўзбек адабиёти билимдони” ҳамда “Жаҳон адабиёти билимдони” шартлари бўйича беллашадилар.

Ҳар бир ёш тоифаси бўйича юқори балл тўплаб, ғолибликни қўлга киритган бир нафардан иштирокчи танловнинг ҳудудий босқичига йўлланма олади. Танловнинг шаффоф, белгиланган меъзонлар асосида ўтиши учун барча имкониятлар сафарбар этилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, ғолибларни Президент совғаси кутмоқда!

Гулчеҳра Ашурова

ЎзА
5 628