Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

04.08.2017 20:15 Чоп этиш версияси

Ёш ижодкорларнинг яна бир кўмакчиси

Жорий йилнинг июль ойида ўз фаолиятини бошлаган Республика ёш ижодкорлар ассоциацияси иқтидорли ўғил-қизларга ҳар томонлама ёрдам беришни мақсад қилган. У Ўзбекистон ёшлар иттифоқи муассислигида таъсис этилган бўлиб, нодавлат нотижорат ташкилотидир.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 5 июлдаги «Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида»ги фармонига мувофиқ ташкил этилган ассоциация мамлакатимизда ўсиб-улғаяётган ёш ёзувчи ва шоирлар, журналистлар, танқидчи, драматургларни кашф этиш, уларнинг назарий билим ва кўникмаларини шакллантириш, ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлашга кўмаклашади.

Ёшлар ижод саройида ўтказилган брифингда бу ҳақда батафсил маълумот берилди.

– Бизнинг заминимиз истеъдодларга бой, – дейди Республика ёш ижодкорлар ассоциацияси раиси, Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори Меҳриноз Аббосова. – Ташкилотимиз томонидан ҳудудларда ёш ижодкорлар билан очиқ мулоқотлар, таниқли адабиёт намояндалари билан учрашувлар, маҳорат дарслари, семинар-тренинглар ва ўқув машғулотлари уюштирилади. Фаол ва иқтидорли ижодкорларга китоб чиқаришда кўмаклашиш ва олий таълим муассасаларига кириш учун имтиёзлар бериш, наср, назм ва таржима йўналишларида илмий-методологик қўлланмалар ишлаб чиқиш, фестиваль ва кўрик-танловларни ўтказиш ҳам режаларимиздан. Ташкилот ўн ёшдан ўттиз ёшгача бўлган ёшларни бирлаштиради.

Брифингда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши раиси ўринбосарлари Камолиддин Бекназаров, Дилноза Каттахонова, Республика ёш ижодкорлар ассоциацияси васийлик кенгаши аъзолари – ёзувчи Тўлқин Ҳайит, «Ёшлик» журнали бош муҳаррири Нодир Жонузоқ ва бошқалар мамлакатимизда ёшларга яратилаётган кенг имкониятлар ва эътиборнинг самараси сифатида ташкил этилган Республика ёш ижодкорлар ассоциацияси ижтимоий ҳаётимиздан муносиб ўрин эгаллашини таъкидлади.

– Ёш ижодкорларни қўллайдиган ташкилот ҳақида эшитиб, кўпроқ маълумот олиш учун тадбирга онам билан келдим, – дейди Олмазор туманидаги 16-умумтаълим мактаби ўқувчиси Муслима Маҳмудова. – Бундай янгиликдан жуда хурсанд бўлдик. Адабиётга, шеъриятга жуда қизиқаман. Мақсадим ассоциацияга аъзо бўлишдир.

Тадбир иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан жавоб олди.

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА
2 711






Все о погоде - Pogoda.uz