ЎзА Ўзбек

05.07.2018 18:49 Чоп этиш версияси

Ёш ихтирочилар танловининг ғолиблари маълум

Ёш ихтирочилар танловининг ғолиблари маълум
Бирининг ихтироси чиқиндилардан фойдаланиб суратлар ясаш бўлса, бири “ақлли ёстиқ”лар ёрдамида беморлар дардини енгиллатмоқчи, яна бири қуёш энергияси асосида ишлаб, ҳеч қандай ёқилғи талаб қилмайдиган трактор яратиш устида ишлаётган бўлса, бири “осма поездлар” ҳаракатини йўлга қўйиш орқали туристлар эътиборини қаратиш пайида. 

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси томонидан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Касб-ҳунар таълими маркази билан ҳамкорликда ташкил этилган “Ёш инновациячи” республика кўрик танлови ана шундай ихтирочи ёшлар учун ўз истеъдодини намоён этадиган катта имкониятлар майдони бўлди.

Тошкент шаҳридаги Турин политехника университетида мазкур танловнинг республика босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими ўтказилди.

15.jpg

Илк бор ташкил этилган танловнинг туман, шаҳар ва вилоят босқичида 600 нафарга яқин йигит-қиз туризм, ишлаб чиқариш ва сервис ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳаларини ривожлантириш борасидаги инновацион лойиҳалари, ихтиро ва ишланмалари билан иштирок этди.

– Танловда электромобиль, дрон, агроробот каби инновацион ишланмаларим билан қатнашдим, – дейди ишлаб чиқариш ва сервис йўналиши бўйича ғолиб Муҳаммадамин Умаров. – Энг сўнгги ишланмам агроробот бўлиб, у ривожланган давлатлардаги "ҳамкасбларидан" қолишмайдиган даражада ишлайди. Экилган ҳар бир ўсимликнинг намлиги, минерал ўғитлар етишмовчилигини текшириб, шахсий компьютерингизга маълумотларни автоматик тарзда жўнатиб туради. Ҳозир лойиҳамни ривожлантириш устида иш олиб боряпман.

22.jpg

Танловнинг республика босқичи иштирокчилари Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илғор технологиялар маркази, Тошкент шаҳридаги Турин политехника университетидаги замонавий техника ва технология воситалари маркази фаолияти билан танишди.

Ёш ихтирочилар Ўзбекистон Фанлар академиясида олимлар билан учрашиб, ихтироларини ривожлантириш борасида қимматли маслаҳатлар олди.

Танлов ғолиблари ва 42 нафар энг фаол иштирокчи диплом, эсдалик совғалари ва ЎзЛиДеПнинг бир йил давомида бериб бориладиган махсус стипендияларига эга бўлди.

Инобат Аҳатова, ЎзА 

Фарҳод Абдурасулов олган суратлар
12 974