ЎзА Ўзбек

09.11.2019 Чоп этиш версияси

Ёш гвардиячилар куч синашди

Ёш гвардиячилар куч синашди

Президентимиз томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббус ижроси доирасида Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг Термиз шаҳридаги Халқаро болалар оромгоҳида “Ёш гвардиячилар” спорт мусобақаси бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси, вилоят ҳокимлиги ва Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда мазкур ҳарбий тузилмага бириктирилган ўрта таълим мактабларининг ҳарбий-ватанпарварлик йўналишига ихтисослаштирилган синфлари ўқувчилари ўзаро беллашди.

– Икки кун давом этган мусобақа ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг интеллектуал ва ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариш орқали ҳарбий хизматга қизиқиши, Ватан тақдири ва юрт тинчлигига дахлдорлик туйғусини оширишга қаратилгани билан иштирокчиларда катта қизиқиш ўйғотди, – дейди подполковник Ф. Усмонхўжаев. – Шунингдек, жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиш, китоб мутолааси, саньат ва ахборот технологияларига қизиқтириш, соғлом турмуш тарзини оммалаштириш ҳамда фаол иштирокчиларни рағбатлантиришга, уларнинг мардлик, жасурлик, жамоатчиликка таяниш каби туйғуларини оширишга, шижоат, қатъият, куч-ғайрат, интизомлилик ва бошқа ижобий сифатларга кўникмасини мустаҳкамлашга йўналтирилгани билан аҳамиятли бўлди.

7.jpg

Мусобақа низомига кўра, жамоа сардорлари дастлаб ўз командаларини белгиланган шартлар бўйича таништирди. Шундан сўнг ҳар бир жамоадан икки иштирокчи саҳнага чиқиб, Ўзбекистон Миллий гвардиясини мадҳ этиб ёзган шеърларини ифодали ўқиб берди. Учинчи шартда жамоаларнинг бир иштирокчиси ўзи танлаган миллий чолғу асбобидан фойдаланиб, мусиқа ижро этди. Амир Темурнинг “Темур тузуклари” асаридан берилган саволларга жавоб берди. Компьютерда эркин мавзуда иншо ёздирилиб, саводхонлиги синовдан ўтказилди.

Мусобақанинг иккинчи шартига кўра, жамоалар спорт ва жанговар тайёргарлик бўйича маҳорат ва кўникмаларини намойиш этиб, автоматни тўлиқ қисмларга ажратиш ва йиғиш бўйича ўзаро беллашди. Минг метр масофага югуриш, шартли заҳарланган ҳудуддан ўтиш, белгиланган масофага ўрнатилган идишни ҳовуздаги сув билан тўлдириш, арқон тортиш, сувли тўсиқ устидан сакраб ўтиш бўйича ўз маҳоратини намойиш этди.

Жамоаларнинг мазкур шартларни бажариши белгиланган мезонлар асосида ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳоланди.

8.jpg

Якунда Узун туманидаги 4-умумтаълим мактабининг “Узун лочинлари“ жамоаси фахрли биринчи ўринни эгаллади. Иккинчи ва учинчи ўринлар Термиз шаҳридаги 9-мактабнинг “Жасур ўғлонлар“ ҳамда Олтинсой туманидаги 2- умумтаълим мактабининг “Матонат“ жамоаларига насиб этди.

Ғолиблар тадбир ташкилотчисининг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

9.jpg

11.jpg

1 158
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА