Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

08.08.2018 18:08 Чоп этиш версияси

Ёш фермерларнинг аграр йўналишдаги билими бойитилади

Жорий йилнинг 13 августидан 23 августига қадар Қорақалпоғистон Республикасининг Беруний, Элликқалъа, Амударё ва Шуманай туманларида иқлим ўзгариши шароитида барқарор қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш масалалари ҳамда соҳага доир бошқа мавзуларни қамраб олган семинар-тренинг ташкил этилади.

Семинар БМТнинг “Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик фондини ташкил қилиш орқали Орол фожиасидан зарар кўрган аҳолининг турмуш шароити салоҳиятини мустаҳкамлаш” қўшма дастурини амалга ошириш доирасида таълим, фан ва маданият масалалари бўйича (ЮНЕСКО) Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тошкентдаги ваколатхонаси ташаббуси билан ўтказилиши режалаштирилган.

Семинар доирасида маҳаллий ва халқаро экспертларнинг тадқиқотлари натижасида олинган иқлим ўзгариши шароитида барқарор қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришига оид тизимлар тўғрисидаги билимлар тушунтирилади.

Семинарнинг асосий мақсади ёш фермерлар, аграр йўналишдаги касб-ҳунар коллежлари ўқитувчиларининг қишлоқ хўжалигини барқарор ривожлантириш ва инсон хавфсизлиги масалаларида хабардорлигини оширишдир. Тадбир давомида инсон хавфсизлиги концепцияси, экологик, энергетик ва озиқ-овқат хавфсизлиги, ер ва сувдан самарали фойдаланиш амалиёти каби мавзулар ёритилади.

Сув ресурслари танқислиги ва мамлакат қишлоқ хўжалигида ер ресурслари ҳолатининг ёмонлашувини инобатга олган ҳолда тренинг иштирокчиларига имкони борича келгусида ер ва сувдан фойдаланиш амалиётида ресурсларни тежаб-тергаб фойдаланиш технологияларини жорий қилиш, агро-экотизимни реабилитациялаш учун комплекс ёндашувни амалга ошириш юзасидан маълумотлар тақдим этилади.

Икром Аввалбоев, ЎзА
5 601