ЎзА Ўзбек

16.04.2018 10:49 Чоп этиш версияси

Ёш чегарачилар мусобақаси

Ёш чегарачилар мусобақаси Сирдарёда ўтказилган “Ёш чегарачилар” мусобақасининг вилоят босқичида Ширин шаҳар энергетика хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежининг “Бургут-2” жамоаси биринчи ўринни эгаллаб, мамлакат босқичига йўлланма олди.

Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Сирдарё вилояти бошқармаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда мамлакатимизда Қуролли Кучлар тизимини янада ислоҳ қилиш, миллий армиямизнинг қудрати ва салоҳиятини юксалтириш йўлида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилаётгани таъкидланди.

Ушбу анъанавий мусобақа ҳам ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчиларининг ҳарбий соҳага оид ва давлат чегаралари тўғрисидаги билимини мустаҳкамлаш, уларда Ватан ҳимоячиси бўлишдек шарафли касбга қизиқишни янада оширишга хизмат қилмоқда.

Мусобақада вилоятнинг чегара ҳудудларида жойлашган касб-ҳунар коллежларидан 5 жамоа ёшлари сафда юриш тайёргарлиги, сафда қўшиқ айтиб юриш, ҳарбий либослар, ижтимоий-сиёсий, ҳарбий соҳага оид ва давлат чегаралари тўғрисида, ҳуқуқ, тарих, инглиз тили, турникда тортилиш, югуриш каби йўналишларда ўз билим, маҳорат ва чаққонлигини синовдан ўтказди.

– "Ёш чегарачилар” клуби ўртасида мусобақа ўтказишдан мақсад ёшларнинг жисмонан чиниқиши ва ҳарбий соҳага қизиқишини оширишдан иборат, – дейди Оқолтин саноат касб-ҳунар коллежининг “Темурбеклар” жамоаси сардори Зафар Қобилов. – Беллашув жуда муросасиз ўтди. Унда билим ва маҳоратимизни оширдик, дўстлар орттирдик.

Оқолтин саноат касб-ҳунар коллежининг “Темурбеклар” жамоаси иккинчи, Мирзаобод маиший хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежининг “Бургутлар” жамоаси учинчи ўринни эгаллади.

Ғолиб ва совриндорлар диплом, эсдалик совғалари ва бадиий китоблар билан тақдирланди.

Абдужалол Қаюмов, Фурқат Тошматов (сурат) ЎзА
6 983