ЎзА Ўзбек

10.07.2018 12:36 Чоп этиш версияси

Ёш автоназоратчилар мусобақаси

Ёш автоназоратчилар мусобақаси
Урганчда “Яшил чироқ” мусобақасининг мамлакат босқичи бўлиб ўтди. 

Мактаб ўқувчилари ўртасида йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларини тарғиб қилиш, болалар билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, йўл ҳаракати қоидаларини ўргатишни янада такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ташаббуси билан ўтказилган мусобақада Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан ўқувчилар иштирок этди. 

Мусобақа давомида иштирокчилар жамоавий сафда юриш тайёргарлиги, пиёдалар ҳаракатига оид саволлар, ёш велосипедчилар, гуруҳ сардорларининг беллашуви, макет ясаш, биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш, техник ижодиёт танлови, йўл ҳаракати қоидалари бўйича имтиҳон ва ташвиқот гуруҳларининг чиқиши каби йўналишлар бўйича баҳслашди. 

Хоразм вилояти ёш автоназоратчилари мусобақанинг олий мукофотига сазовор бўлган бўлса, Навоий ва Сурхондарё вилоятларидан келган ўқувчилар биринчи ўринни қўлга киритди. Қорақалпоғистон Республикаси ва Наманган вилояти жамоалари иккинчи, Бухоро, Жиззах ва Тошкент вилояти жамоалари учинчи ўринга муносиб кўрилди.

А.Шокиров, ЎзА
10 222