Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

19.09.2017 16:01 Чоп этиш версияси

"Ёш авлод тарбиясида ота-оналар масъулиятини ошириш" мавзуида илмий-амалий конференция ўтказилди

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши томонидан ҳамкор ташкилотлар билан бирга "Ёш авлод тарбиясида ота-оналар масъулиятини ошириш" мавзуида илмий-амалий конференция ўтказилди.

Республика "Маҳалла" хайрия жамоат фонди бошқаруви раиси Ш.Жавлонов, Республика Маънавият ва тарғибот маркази раҳбари А.Қодиров, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши раисининг ўринбосари Д.Каттахонова ва бошқалар мамлакатимизда ёш авлодни она Ватанга муҳаббат, миллий истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш масалаларига давлат сиёсатининг муҳим йўналиши сифатида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев турли соҳа вакиллари билан ўтказилаётган учрашувлар ҳамда мамлакатимиз ҳудудлари бўйлаб сафарлари чоғида фарзандларимизни юксак маънавиятли, теран тафаккурли инсонлар этиб тарбиялаш, уларни турли зарарли ғоялар таъсиридан ҳимоялаш масаласига жиддий ёндашаётгани халқимиз, кенг жамоатчилик учун ибрат вазифасини ўтамоқда. Юртимизда тобора кенг ёйилиб бораётган "Ўз фарзандингни ўзинг асра!" деган ҳаётий чорлов фарзанд тарбиясида ота-она, маҳалла, таълим масканлари, кенг жамоатчиликнинг масъулияти, ўзаро ва самарали ҳамкорлиги нечоғли катта эканидан дарак беради.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши томонидан Хотин-қизлар қўмитаси, вазирлик ва идоралар мутахассислари билан биргаликда маҳаллаларда ёшларни таълим билан тўлақонли қамраб олиш, меҳнат бандлиги, саломатлигини асраш, ҳуқуқий маданиятини юксалтириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Фуқаролар йиғинларининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиларининг аҳоли билан мулоқот қилиш маданияти таҳлил этилиб, хонадонлардаги ижтимоий-маънавий ҳолат тизимли ўрганилмоқда.

Барча маҳаллаларда "Ота-оналар университети" жамоат тузилмаси фаолиятини давр руҳига ҳамоҳанг йўлга қўйиш, ёшлар тарбиясида айниқса, жамоатчилик назоратини кучайтириш, оилалар бошлиқларининг ҳуқуқий, маънавий-ахлоқий билимларини ошириш, оила – маҳалла – таълим муассасаси ҳамкорлигини кучайтириш юзасидан кенг кўламли лойиҳалар ҳаётга жорий этилмоқда.

– Маҳалламиз ҳудудидаги икки мактабгача таълим маскани, 302-мактаб билан узвий ҳамкорлик йўлга қўйилган, – дейди Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманидаги "Биллур" маҳалла фуқаролар йиғини раиси Аҳатилла Раҳматов. – Хонадонларни ўрганиш пайтида ёшларнинг бандлиги, интилиши ва қизиқиши, бўш вақти оқилона ташкил этилиши каби жиҳатларга асосий эътибор қаратилмоқда. Мавжуд долзарб масалалар маҳаллий ҳокимликлар, тегишли ташкилот ва идоралар билан ҳамжиҳатликда ҳал этилмоқда.

Конференцияда навқирон авлод тарбиясида ота-оналар масъулиятини ошириш юзасидан ҳамкорликдаги иш режаси белгилаб олинди.

Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Т.Норбоева сўзга чиқди.

Назокат Усмонова, ЎзА
2 702






Все о погоде - Pogoda.uz