ЎзА Ўзбек

23.05.2018 10:34 Чоп этиш версияси

Ёш авлод камолоти йўлидаги эзгу ташаббуслар

Ёш авлод камолоти йўлидаги эзгу ташаббуслар
Фарғона вилоятида мактабгача таълим муассасалари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, янгиларини барпо этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айни пайтда вилоятда 696 мактабгача таълим муассасаси фаолият кўрсатаётир.

Президентимизнинг 2016 йил 29 декабрдаги “2017-2021 йилларда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мактабгача таълим муассасалари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, уларнинг фаолият самарадорлигини янада оширишда муҳим аҳамият касб этаётир.

– Мактабгача таълим тизими фарзандларимиз тарбиясида энг асосий бўғиндир, – дейди вилоят мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи Юлдуз Хўжаева. – Айни пайтда вилоятда 3-7 ёшли 104 мингдан зиёд бола мактабгача таълим муассасаларига қамраб олинган. Муассасаларни замонавий жиҳозлаш, ўқув-методик қўлланмалар, мультимедиа воситалари билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Энди болалар боғчалари нафақат тарбия, балки таълим муассасаси сифатида ҳам тўлақонли фаолият кўрсатади. Бу уларнинг истеъдодини барвақт аниқлаш, интеллектуал қобилиятини юксалтиришга хизмат қилади.

Бугунги кунда қишлоқ жойларида мактабгача таълим муассасалари сонини кескин ошириш зарурати мавжуд. Айрим қишлоқларда ёш оналар учун боғча масаласи ҳаётий эҳтиёжга айланган. Вилоятда бу борада кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, “Обод қишлоқ” дастури асосида 34 мактабгача таълим муассасасида қурилиш ишлари бошлаб юборилди. 

Тошлоқ туманида 26 мактабгача таълим муассасаси фаолият юритмоқда. Туман мактабгача таълим бўлими мудири Нодирахон Эминованинг таъкидлашича, тизимда амалга оширилаётган ислоҳотлардан аҳоли, айниқса, қишлоқларда яшайдиган юртдошларимиз жуда мамнун. Илгари ота-оналарда фарзандини боғчага беришда иккиланишлар бўлган бўлса, бугун бу фикр бутунлай ўзгарди. Буни туман давлат хизматлари марказига болаларни мактабгача таълим муассасасига қабул қилиш бўйича бир ойда 1000 дан зиёд ариза тушганида ҳам кўриш мумкин.

1-мактабгача таълим муассасасида замонавий шароитлар яратилган. Ҳовлидаги ҳар бир нарса дид билан безатилган. Айниқса, турли эртак қаҳрамонлари тимсоллари асосидаги кўргазмалар болажонлар учун янада севимли. Айни кунларда мазкур масканда 6 гуруҳда 150 нафар бола тарбияланмоқда. Инглиз, рус тиллари ва спорт тўгараклари улар ихтиёрида.

Бугунги кунда вилоятда 30 та нодавлат мактабгача таълим муассасаси фаолият кўрсатмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида 14 давлат-хусусий шерикчилик асосида нодавлат мактабгача таълим муассасаси ташкил этилиб, уларга 775 нафар бола қамраб олинди.

11.JPG

14.jpg

Фарғона туманидаги “Happy Children” нодавлат мактабгача таълим муассасаси фаолият бошлаганига кўп бўлгани йўқ. Дастлаб, 10 нафар бола билан машғулот бошлаган маскан айни кунда 60 дан ортиқ кичкинтойни ўз бағрига олган. Улар уч гуруҳга бўлинган ҳолда ўзбек, рус ва инглиз тилларида сабоқ олмоқда.

Тадбиркор Гўзалхон Мамадалиева томонидан ташкил этилган боғчада 14 ишчи-ходим фаолият юритмоқда. Чегара ҳудудидаги мазкур муассасага ўғил-қизларини етаклаб келаётган ота-оналар сафи тобора кенгаймоқда. 

Жорий йилда шаҳар ва туманларда давлат-хусусий шерикчилик асосида 301 лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган. Таълим сифати ва самарадорлигини ошириш, таълимнинг замонавий шакл ва услубларини жорий этиш, ҳужжатлар билан ишлаш, педагог кадрлар маҳоратини ошириш юзасидан амалий семинарлар ташкил этилмоқда. Мактабгача таълим муассасаларида ишлаётган педагоглар малакасини ошириш ҳам доимий эътиборда. Жорий йилнинг ўтган даврида 1 минг 50 нафар ходим педагогик қайта тайёрлов курсларида, 382 нафари мутахассислиги бўйича малака ошириш курсларида ўқитилди. Шунингдек, ўрта махсус маълумотли педагог кадрларни касбга қайта тайёрлаш курсларида ўқитиш ишлари йўлга қўйилган.

Маъсуджон Сулаймонов, Муқимжон Қодиров (сурат), ЎзА
5 807