ЎзА Ўзбек

01.05.2018 14:58 Чоп этиш версияси

Ёш архитекторлар малака оширди

Тошкент вилояти Оққўрғон қурилиш ва коммунал хўжалиги касб-ҳунар коллежида "Ёш архитекторларни ўқитишда инновацион технологияларни қўллаш" мавзусида ўқув-семинар ўтказилди.

Тошкент архитектура ва қурилиш институти профессор-ўқитувчилари, вилоятдаги қурилиш ва коммунал хўжалиги касб-ҳунар коллежлари ўқитувчи ва ўқувчилари иштирок этган тадбирда мамлакатимизда турар жой биноларини замонавий архитектура талаблари асосида барпо этиш, ижтимоий-маиший қурилишни жадал ривожлантириш, уларни қуришда миллий анъаналаримиздан кенг фойдаланишга устувор аҳамият берилаётгани таъкидланди.

Семинарда асосий эътибор юртимизда қурилиш соҳасини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган инновацион тадқиқотлар, архитектура, дизайн, шаҳарсозлик, ландшафт йўналишларини такомиллаштириш, бино ва иншоотларни лойиҳалашда замонавий қурилиш материаллари ва конструкцияларни татбиқ қилиш масалаларига қаратилди.

Мутахассислар энергия тежамкор биноларни лойиҳалаш, геодезия, картография ва кадастр соҳаларини ривожлантириш борасида атрофлича маълумот берди.

– Архитектура ва қурилиш соҳаси учун малакали мутахассислар тайёрлаш муҳим аҳамиятга эга, – дейди Оққўрғон қурилиш ва коммунал хўжалиги касб-ҳунар коллежи директори ўринбосари Н.Арзиқулова. – Бу борада таълим муассасамизда ёшларнинг мутахассислик фанларини пухта ўрганишига алоҳида эътибор қаратамиз. Айниқса, амалий дарслар, махсус тўгаракларда белгиланган ўқув дастурлари асосида ўқитиш, ўқувчиларнинг ижодий ишларини рағбатлантириш, назария ва амалиётни уйғунлаштирган ҳолда малакасини шакллантиришга ҳаракат қиламиз.

Семинарда маъмурий ва маиший биноларни лойиҳалашда уларнинг шаҳарларда тутган ўрни хусусида сўз юритилди. Ўқувчилар томонидан миллий архитектура ишланмалари, бинолар макети, плакат ва видеолавҳалари намойиш этилди.

Абдулазиз Мусаев, ЎзА
8 956