ЎзА Ўзбек

08.09.2018 13:39 Чоп этиш версияси

Ёруғ кунларга шукроналик туйғуси билан

Ёруғ кунларга шукроналик туйғуси билан

Фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Тошкент шаҳар кенгаши томонидан пойтахтимизнинг барча маҳаллаларида "Шукроналик" деб номланган маданий-маърифий ҳамда спорт тадбирлари ташкил этилди.

Тадбирларда ижодкор зиёлилар, ёзувчи-шоирлар, маданият ва санъат намояндалари, олимлар иштирокида давра суҳбатлари бўлиб ўтди. Спортсевар ҳамшаҳарларимиз футбол, волейбол, баскетбол, шахмат-шашка, бадминтон, кураш бўйича мусобақаларида иштирок этди.

Президентимизнинг 2017 йил 3 февралдаги "Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолияти самарадорлигини ошириш, маҳалла институтини аҳолига энг яқин ва халқчил тузилмага айлантириш, уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорлигини янада ривожлантиришда янги истиқболларни очмоқда.

Бугунги кунда мамлакатимизда изчиллик билан амалга оширилаётган "Обод маҳалла" дастури маҳаллаларнинг қиёфасини тубдан ўзгартириш, уларни янада кўркам ва файзли қилишда, турар жойлар, даҳа ва мавзелари ободонлаштиришда, бунёдкорлик ишларини замон руҳига монанд олиб боришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Мазкур дастур асосида маҳаллаларда янги гузарлар, спорт майдончалари, болалар ўйингоҳлари, кутубхоналар, маиший-савдо шохобчалари барпо этилмоқда. Йўллар, хиёбон ва турар жойлар янада файзли қиёфага кирмоқда. 
Истиқлолимизнинг 27 йиллик байрами шукуҳи кезиб юрган шу кунларда ташкил этилган "Шукрона" маданий-маърифий тадбирлардан кўзланган асосий мақсад ҳамшаҳарларимизни тинч-осойишта, тўкин ва фаровон кунларимизнинг қадрига етишга чорлаш, ёруғ кунларимиз учун шукроналик, Ўзбекистонимиздан фахрланиш туйғуларини янада кучайтиришдан иборатдир.

"Шукрона" тадбири Чилонзор туманидаги "Яккабоғ" маҳалла фуқаролар йиғинида ҳам кўтаринки руҳда, байрамона кайфиятда ўтди.

– Маҳалламизда ёшлар учун кутубхона, ҳуқуқий маслаҳатхона, спорт майдончаси фойдаланишга топширилди, – дейди маҳалла раиси Хислат Ғозиев. – 114-умумтаълим мактаби билан доимий ҳамкорлик кенг йўлга қўйилган. Ҳуқуқбузарликлар профилактикасини кучайтиришда, ёшларнинг билиб-билмай турли ножўя йўлларга киришининг олдини олишда бу ҳамкорлик кутилган натижа бермоқда.

Тадбир давомида юртимизда кечаётган шиддатли ислоҳотларнинг, қабул қилинаётган қонунларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти маҳалла аҳлига атрофлича тушунтирилди. Шахмат, стол тенниси бўйича мусобақа, китобхонликка оид викторина ўтказилди. Ғолиблар эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Шу куни пойтахтимиздаги барча маҳаллаларда китобхонлик, шеърхонлик кечалари, ижодий мулоқотлар, концертлар, спорт мусобақалари бўлиб ўтди.

Н.Усмонова, ЎзА
3 717