ЎзА Ўзбек

26.07.2018 18:04 Чоп этиш версияси

Ёнғиндан холи ҳудуд жонкуярлари

Сирдарё вилояти Гулистон шаҳар ИИБ Ёнғин хавфсизлиги бўлими томонидан жорий йилнинг ўтган даврида 110 корхона, ташкилот, муассаса ва маҳалла фуқаролар йиғинларида 145 та ёнғин профилактикаси тадбирлари ўтказилди.

2 минг 116 хонадон, 47 давлат ташкилоти ва 46 тадбиркорлик субъектида ўтказилган ёнғин профилактикаси тадбирлари доирасида ёнғин хавфсизлиги бўйича зарур тавсия ва кўрсатмалар берилди.

Аниқланган камчиликларни мутасадди раҳбарлар билан бирга имкон қадар жойида бартараф этиш чоралари кўрилиб, мавжуд муаммолар муддати белгиланган ҳолда, ёзма равишда тегишли мутасаддиларга етказилди. Хавфсизлик қоидалари бузилган 405 хонадондаги камчиликларнинг 316 таси жойида бартараф этилди. Оддий эътиборсизлик оқибатида ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузган 26 нафар масъул шахсга нисбатан 3 миллион 700 минг сўмдан ортиқ жарима чоралари қўлланилди. Ёнғинга олиб келиши мумкин бўлган муаммоли ҳолатдаги 22 бинонинг иш фаолияти вақтинча тўхтатилди, 70 носоз газ ва электр ускунасидан фойдаланиш тақиқланди.

– Мақсадимиз шаҳримизни ёнғиндан холи ҳудудга айлантириш, – дейди Гулистон шаҳар ИИБ Ёнғин хавфсизлиги бўлими бошлиғи, майор Асрор Ғозихўжаев. – Олиб борилган текширув ва ўрганишлар натижаси бўйича ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузаётган ёки давлат ёнғин назорати органларининг ёзма кўрсатмаларини бажармаётган мансабдор шахслар ва фуқароларга нисбатан мутасадди идораларга 49 тақдимнома ва 18 ахборотнома киритилди.

Абдужалол Қаюмов, ЎзА
2 939