Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.11.2017 14:29 Чоп этиш версияси

Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш ҳолатлари учун жарима чоралари ортган

Сирдарё вилояти Сардоба туманида ҳар ҳафтанинг чоршанба кунлари ўтказилаётган ёнғинлар профилактикаси тадбирлари ўзининг ижобий самарасини бераётир.

Президентимизнинг 2017 йил 23 майдаги “Ички ишлар органлари ёнғин хавфсизлиги бўлинмалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида туманда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ҳудудда ёнғин ҳолатлари 6 тага камайди. Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш ҳолатлари учун жарима чоралари эса 9 тага ортгани профилактика тадбирлари ўзининг ижобий самарасини бераётганидан далолат беради.

Туман ИИБ ёнғин хавфсизлиги бўлинмаси томонидан маҳаллий ҳокимлик вакиллари билан ҳамкорликда ҳудуддаги маҳалла фуқаролар йиғини, ташкилот, корхона ва муассасаларда профилактик тадбирлар мунтазам ўтказилаётир.

– Ёнғин профилактикаси кунлари доирасида жорий йилнинг ўтган 10 ойида тумандаги корхона, ташкилот, муассасалар ва маҳалла фуқаролар йиғинларида 350 дан ортиқ учрашув, хонадонларни ўрганиш жараёнида қарийб 45 минг фуқаро билан профилактик суҳбатлар ўтказилди, – дейди Сардоба тумани ИИБ ёнғин хавфсизлиги бўлинмаси бошлиғи, майор Улуғбек Ўтаев. – Ёнғин хавфсизлиги бўйича аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан 77 ахборотнома ва 156 тақдимнома юборилди.

Давлат тасарруфидаги ташкилотларнинг 160 дан ортиғи, 55 хўжалик юритувчи ва тадбиркорлик субъектининг ёнғин хавфсизлиги ҳолати ўрганилиб, тавсиялар берилди. Тадбир давомида уй эгалари ҳамда масъул шахсларга зарур тавсия ва кўрсатмалар берилиб, аниқланган камчиликларни мутасадди раҳбарлар билан биргаликда жойида бартараф этиш чоралари кўрилди.

Мамлакатимизда пахта ҳосилини йиғиб-териб олиш мавсуми ниҳоясига етмоқда. Пешона тери эвазига етиштирилган хом ашёни ёнғин хавфидан асраш мақсадида пахта қабул пунктларида амалга оширилган ишлар туман ёнғин хавфсизлиги бўлинмаси ходимлари томонидан доимий назоратга олинган.

Профилактика кунларида тумандаги 1 пахта тозалаш заводи, 3 пахта қабул қилиш пунктида бу борадаги тайёргарлик ишлари ўрганилди. Натижада айрим корхоналарда муаммолар мавжудлиги аниқланиб, мутасаддиларга тегишли жазо чоралари кўрилди. Юзага келган камчиликлар бартараф этилмоқда.

Олиб борилаётган профилактика тадбирлари натижасида тумандаги аҳоли хонадонлари, ижтимоий соҳа объектлари ва бошқа ташкилотларда ёнғин билан боғлиқ нохуш ҳолатлар камайишига эришилди. Бу борадаги тушунтириш-тарғибот ишлари изчил давом эттирилмоқда.

Абдужалол Қаюмов, ЎзА
2 151






Все о погоде - Pogoda.uz