Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

16.11.2017 12:23 Чоп этиш версияси

Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузган 80 нафар раҳбар, мансабдор шахс ва фуқарога 4 миллион сўмдан ортиқ маъмурий жарима қўлланилди

Сирдарё вилояти Оқолтин туманида куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш, жумладан, ёнғин хавфсизлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Туман ички ишлар бўлими ёнғин хавфсизлиги бўлинмаси томонидан ҳокимлик, фавқулодда вазиятлар бўлими вакиллари билан ҳамкорликда маҳаллалар, таълим муассасалари, ташкилот ва корхоналарда ўтказилаётган ёнғин профилактикаси тадбирларида ёнғин хавфсизлиги бўйича уй эгалари ҳамда масъул шахсларга зарур тавсия ва кўрсатмалар берилмоқда.

Аниқланган камчиликларни мутасадди раҳбарлар билан бирга жойида бартараф этиш чоралари кўрилаётир. Ҳал қилиш имкони бўлмаган муаммолар ёзма равишда тегишли идораларга юборилмоқда.

Ёнғин профилактикаси кунлари доирасида жорий йилнинг 10 ойида 255 корхона, ташкилот ва муассасанинг ёнғин-техник ҳолати ўрганилди. Аниқланган камчиликлар бўйича туман ИИБ ёнғин хавфсизлиги бўлинмаси ходимлари томонидан аниқ муддатлари кўрсатилган ёзма кўрсатмалар корхона ва ташкилотлар раҳбарларига тақдим этилди. Камчилик ва нуқсонларни тезкор бартараф этиш борасида туман ҳокимлиги ва юқори ташкилотларга ахборот хатлари киритилди.

Шунингдек, аҳоли хонадонларининг ёнғин хавфсизлиги ҳолатини текшириш жараёнида 25 мингдан зиёд фуқаро билан ёнғин хавфсизлиги қоида талабларига риоя этиш бўйича профилактик суҳбатлар ўтказилиб, йўриқномалар берилди.

Олиб борилган тарғибот ва ташвиқот ишлари ўзининг ижобий самараларини бермоқда. Масалан, ёнғинлар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 9 тага камайгани фикримиз тасдиғидир.

– Қиш мавсумида хавфсизлик чораларини кучайтириш мақсадида ходимлар ҳушёрлигини янада оширишга алоҳида эътибор қаратилди, – дейди Оқолтин тумани ИИБ ёнғин хавфсизлиги бўлинмаси бошлиғи, катта лейтенант Ҳасан Бердиев. – Олиб борилган текширув ва ўрганишлар натижалари бўйича ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузган ёки давлат ёнғин назорати органларининг ёзма кўрсатмаларини бажармаган 80 нафар раҳбар, мансабдор шахс ва фуқарога 4 миллион сўмдан ортиқ маъмурий жарима қўлланилди. 34 бино ва иншоот фаолияти вақтинча тўхтатилди. 234 носоз электр ускунасидан фойдаланиш тақиқланди. Мавжуд муаммолар тўғрисида мурожаатларни қабул қилиш ва бартараф этиш мақсадида тадбиркорлар учун туман ИИБ ёнғин хавфсизлиги бўлинмасида “Очиқ эшиклар куни” ташкил этилгани ишимиз самарадорлигини янада оширишда муҳим аҳамият касб этаётир. Профилактика тадбирлари натижасида тумандаги аҳоли хонадонлари, ижтимоий соҳа объектлари ва бошқа ташкилотларда ёнғин билан боғлиқ нохуш ҳолатлар камайишига эришилмоқда.

Абдужалол Қаюмов, ЎзА
2 639






Все о погоде - Pogoda.uz