Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

10.09.2018 19:29 Чоп этиш версияси

Ёнғин хавфсизлиги: Халқаро ҳамкорлик, самарали натижа

Кореялик ёнғин ўчирувчилар дронлардан ёнғин кўламини аниқлаш, бориш қийин бўлган жойларни ўрганишда самарали фойдаланиб келмоқда. Муҳими, дронлар орқали маълумотлар марказий диспетчерлик марказига онлайн узатилиши қўшимча кучларга бўлган эҳтиёжни ўз вақтида аниқлаш имконини беради.

Корея Ёнғин хавфсизлиги миллий агентлиги илмий-тадқиқот институти ходимлари кўз ёрдамида кўриш имконияти чекланган муҳитда жабрланганларнинг физиологик кўрсаткичлари тўғрисида тезкор маълумот олиш, кўз ҳаракати орқали дронни бошқариш учун мўлжалланган ақлли ёнғин ўчириш шлемини яратган.

Ўзбекистон ИИВ Ёнғин хавфсизлиги институти ва Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармаси ходимларидан иборат делегация вакиллари Корея Республикасига ташрифи доирасида шу каби илғор тажрибалар билан танишди.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 23 майдаги “Ёнғин хавфсизлиги соҳасида кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида давлат ёнғин хавфсизлиги хизмати офицерлар таркибини тайёрлаш ва малакасини ошириш мақсадида Россия, Хитой, Корея, Япония ва бошқа хорижий давлатларнинг таълим муассасалари билан ҳамкорликни ўрнатиш, хорижий олимларни институтнинг илмий-педагогик фаолиятига жалб қилиш вазифаси юклатилган эди.

Делегация аъзолари Корея Ёнғин хавфсизлиги миллий агентлигида бўлиб, мазкур мамлакатда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш, фавқулодда ҳолатларда фуқароларни қутқариш ва жабрланганларга тез тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича қилинаётган ишлар билан ҳам танишди.

Жанубий Кореяда тунги вақтда одамлар гавжум жойларда, шу жумладан, тиббиёт муассасалари, интернатлар, оммавий кўнгилочар масканларида ёнғин хавфсизлигини таъминлашда мажбурий суғурта қилиш тизими йўлга қўйилган.

Агентлик таркибида куч ва воситаларни бошқариш, тезкор штаб ва жабрланганларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш марказлари бор. Профилактика ишларининг самарали ташкил этилгани, ёнғиндан автоматик хабар берувчи тизимларнинг яхши ишлаши ижобий натижаларнинг асоси бўлиб хизмат қилмоқда.

Дунёнинг етакчи давлатларида содир бўладиган ёнғинлар статистикасига назар ташласак, ёнғинлар оқибатида келиб чиқадиган зарар, одамларнинг нобуд бўлиши ёки тан жароҳати олиш кўрсаткичи Корея Республикасида нисбатан паст ҳисобланади.

Ўзбекистон делегацияси Корея Ёнғин хавфсизлиги миллий академияси фаолияти билан ҳам танишди. Махсус моделлаштириш маркази, Ахборот-ресурс маркази, масофавий таълимдан фойдаланиш имкониятлари, улардаги мавжуд ўқув курслари эътиборга моликдир.

Алоҳида ўқув-машқ минораси ва улар ўртасида ўзаро арқон (канатка) ўрнатилган бўлиб, бу ерда тингловчилар инсонларни ва ўзини қутқариш амалий тажрибасини ўрганади. Қишки спорт зали ичида сунъий тоғ девори ўрнатилган. Унда арқон ёрдамида тингловчиларга тепага чиқиш ва тушиш машқлари ўргатилади.

Академия тасарруфидаги ўқув-ёнғин ўчириш қисмида замонавий ёнғин ўчириш техникалари билан бирга 30 ва ундан баланд қаватларга мўлжалланган автонарвон, автокўтаргичлар, авария-қутқарув ва махсус ёритиш-алоқа машиналари мавжуд.

Шу билан бирга, кореялик олимлар технологик жараёнларда содир этилган ҳамда эҳтимоли мавжуд бўлган ёнғинларнинг келиб чиқиш сабабларини ўрганиб боради. Шунингдек, истеъмолда бўлган барча қурилиш материаллари, электрон ускуналар, технологик қурилмалар ва тамаки маҳсулотларини синовдан ўтказиш, истеъмол учун хулосалар бериш билан шуғулланади. Бундан ташқари, институт ёнғин хавфсизлиги соҳасидаги янги технологияларни синовдан ўтказади.

Эътиборга молик жиҳати Кореяда сотилаётган барча турдаги тамаки маҳсулотлари даромадининг 1 фоизи ёнғин хавфсизлиги хизмати эҳтиёжлари учун ажратилади. Ушбу маблағлардан ёнғин хавфсизлиги хизмати моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, профилактикани кучайтириш, тарғибот ва ташвиқот ишларини олиб боришга сарфланади.

Сафар давомида тўпланган бой тажриба ИИВ Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармаси ва унинг қуйи тизимларида амалиёт чоғида ва Ёнғин хавфсизлиги институти курсантларига билим бериш жараёнида қўлланилади.

Соҳиб СУЛТОНОВ,
Ўзбекистон ИИВ Ёнғин хавфсизлиги
институти катта ўқитувчиси.

ЎзА