Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

04.04.2018 12:51 Чоп этиш версияси

Ёнғин инсонларга дарс бериб чарчагани йўқ!

Товада қизиб турган ёғ қўлимизга сачраб кетса ёки қайноқ чойдан лабимиз куйса, жонимиз азобланади-а? Энди тасаввур қилинг, аланга ичида қолиб жизғанак бўлишни, кулга айланишни? Ҳа, ДАҲШАТ!

Гарчи ибтидоий даврданоқ инсон олов билан муомала қилишни ўрганиб олган бўлсада, унинг ҳаётида бундай даҳшатлар ҳали ҳануз содир бўлмоқда.

Яқинда Россиянинг Кемерово шаҳридаги “Зимняя вишня” савдо-кўнгилочар марказида юз берган ёнғин етмишдан зиёд инсонни ҳаётдан олиб кетди. Аянчлиси, қурбонларнинг аксари болалар эди...

Кемерово фожиаси ўтар-ўтмас, дунёнинг яна бир бурчагида даҳшатли ёнғин содир бўлди. Венесуэланинг Карабобо штатидаги ҳибсхоналарнинг бирида содир бўлган фалокатда салкам етмиш киши қурбон бўлди. Уларнинг баъзилари тутундан захарланиб ўлган бўлса, айримлари тириклайин ёниб кетган.

Кеча эса Бангкокда бахтсиз ҳодиса юз берди. Шаҳарнинг аҳоли яшайдиган кўп қаватли уйларидан бирида ёнғиб чиқиб яна одамлар ҳалок бўлди.

Афсуски, инсонлар бошига мана шундай кулфатларни солган ёнғинлар дунё тарихида кўп бор бўлган ва уларнинг аксарияти ёнғин хавфсизлиги талабларини бузиш, эҳтиётсизлик, эътиборсизлик оқибатида келиб чиққан экан:

1666 йил 2 сентябрда Лондон нонвойхонларининг бирида бошланган ёнғин бутун шаҳарни эгаллайди. Тўрт кун давом этган ёнғинда кўплаб инсонлар ҳалок бўлади Шаҳар маркази култепага айланади. Маъмурий бинолардан ташқари 13 минг 500 та хонадон, 87 та черков вайрон бўлади. Оқибатда 200 мингдан зиёд киши бошпанасиз қолади. Лондонни қайта тиклашга ярим асрдан зиёд вақт кетган экан.

Саноат ривож топиб, техника ва технологиялар кўмагида инсон имкониятлари кенгайган XX асрда эса эҳтиётсизлик оқибатида келиб чиққан йирик ёнғинлар сони ортиб, уларнинг оқибатлари янада даҳшатли бўлган.

Бу борада 1942 йил 22 ноябрда Бостондаги “Кокос ўрмони” номли тунги клубда юз берган даҳшатли ёнғинни тилга олмай илож йўқ.

Ўчмай қолган гугурт чўпи сабаб чиққан ёнғин клуб биносини ўз домига торта бошлайди. Деворлар, юмшоқ курсилардаги сунъий қопламалар олов таъсирида захарли тутун чиқара бошлайди. Бўғила бошлаган одамлар жон ҳолатда ўзини кўча эшикка уради. Аммо кеч эди... Ҳатто ташқарига чиқиш насиб қилган инсонларнинг ҳам аҳволи даҳшатли бўлган. Улар ёнаётган кийимлари билан худди тирик алангага айланган.

Гарчи ўт ўчирувчилар ўн дақиқа ичида етиб келишиб, ишга киришган бўлсада “Кокос ўрмони” тунги клубидаги ёнғинида беш юзга яқин инсон ҳалок бўлган экан.

XXI асрда ҳам содир бўлаётган йирик ва даҳшатли ёнғинлар ўт билан ўйнашиб бўлмаслигини инсониятга эслатишдан чарчагани йўқ.

2013 йилнинг 26 апрели. Россия Федерациясининг Москва вилояти Раменский посёлкасида жойлашган руҳий касалликлар шифоханасида ёнғин юз берди. Фожиада 38 нафар киши ҳалок бўлди.

10 июнда Хитойнинг Цзилинь провинциясидаги товуқфермасида суюқ аммиакнинг чиқиб кетиши оқибатида портлаш содир бўлиб, ишчилар аланга ичида қолади. 120 киши қурбон бўлган.

2015 йилнинг 11 март санаси. Қозон савдо марказларидан бири "Адмирал" даги ёнғин оқибатида 19 киши ҳалоқ бўлди. Қурбонлар орасида ўзбекистонликлар ҳам бор эди.

4 июнда Гана пойтахтидаги ёнилғи қуйиш станциясида юзага келган ёнғин оқибатида кучли портлаш содир бўлди. Ўша машъум воқеада 96 нафар киши ҳаёт билан хайрлашган эди.

2016 йилнинг 10 апрелида Ҳиндистоннинг Паравур шаҳридаги ибодатхонада ўтказилаётган йирик диний маросим фожиа билан тугади. Фалокатга мушакбозлик сабаб бўлади. Портлаш ва ёнғин оқибатида 106 нафар инсон қурбон бўлган.

Афсуски, бу каби фожиаларни яна узоқ санаш мумкин. Кишини азобга соладигани ҳам шу – рўйхатнинг узунлиги. Инсонлар ёнғин хавфсизлиги талабларини менсимасдан, эътиборсизлик, эҳтиётсизлик, ҳафсаласизлик қилишда давом этар экан ўт балоси шафқат қилмаслиги аниқ.

Малоҳат Ҳусанова, ЎзА
6 572