ЎзА Ўзбек

02.04.2018 15:29 Чоп этиш версияси

Ёнғин инсонларга дарс бериб чарчагани йўқ

Товада қизиб турган ёғ қўлимизга сачраб кетса ёки қайноқ чойдан лабимиз куйса, жонимиз азобланади-а? Энди тасаввур қилинг, аланга ичида қолиб жизғанак бўлишни, кулга айланишни? Ҳа, Даҳшат!

Гарчи ибтидоий даврданоқ инсон олов билан муомала қилишни ўрганиб олган бўлсада, унинг ҳаётида бундай даҳшатлар ҳали ҳануз содир бўлмоқда. Яқинда ҳам Россиянинг Кемерово шаҳридаги “Зимняя вишня” савдо-кўнгилочар марказида содир бўлган ёнғин етмишдан зиёд инсонни ҳаётдан олиб кетди. Аянчлиси, қурбонларнинг аксари болалар эди...

Кемерово фожеаси ўтар-ўтмас, дунёнинг яна бир бурчагида даҳшатли ёнғин содир бўлди. Венесуэланинг Карабобо штатидаги ҳибсхоналарнинг бирида содир бўлган фалокатда салкам етмиш киши қурбон бўлди. Уларнинг баъзилари тутундан захарланиб ўлган бўлса, айримлари алангада тириклайин ёниб кетган.

Афсуски, дунё тарихида бу каби фожеалар кўп бўлган:

1666 йил 2 сентябрда Лондонда бошланган йирик ёнғин тўрт кун давом этиб, кўплаб инсонлар ҳалок бўлган. Шаҳар маркази култепага айланади. Маъмурий бинолардан ташқари 13 минг 500 та хонадон, 87 та черков вайрон бўлади. Оқибатда 200 мингдан зиёд киши бошпанасиз қолади. Лондонни қайта тиклашга ярим асрдан зиёд вақт кетган экан.

1755 йил 1 ноябрда Лиссабонда кучли зилзила бўлади. Табиий фалокат йирик ёнғинни бошлаб беради. Шаҳар бир зумда аланга ичида қолиб, 40 мингга яқин лиссабонлик фожиа қурбонига айланади. Ўша ёнғинда 300 та сарой, 110 та черков бутунлай ёниб кетган.

Саноат ривож топиб, техника ва технологиялар кўмагида инсон имкониятлари кенгайган XX асрда эса йирик ёнғинлар сони яна ортиб, уларнинг оқибатлари даҳшатли бўлган...

Давоми бор.

Малоҳат Ҳусанова, ЎзА
7 390