ЎзА Ўзбек

26.07.2018 20:10 Чоп этиш версияси

Ёнғин ўчириш техникалари намойиши

Ёнғин ўчириш техникалари намойиши Ёнғинни ўчиришдан кўра, унинг олдини олган афзал, деб бежиз айтилмаган. Ёнғинлар кўпинча аҳоли ҳаётига хавф туғдирибгина қолмай, катта моддий зарар ҳам етказади. Шунинг учун ўз вақтида ёнғинга қарши ҳимоя чораларини кўриш ҳар бир фуқаронинг вазифасидир. Бу борада ёнғинга қарши профилактик чора-тадбирлар муҳим аҳамият касб этмоқда.

Пойтахтимизнинг Сергели туманида ёнғин содир бўлганда амалга оширилиши лозим бўлган ҳаракатларни тушунтириш мақсадида Давлат ёнғин хавфсизлиги хизмати ходимлари аҳоли билан учрашув ўтказди. Унда ёнғин ўчириш махсус техникалари ва мосламалари, қутқарув соҳавий хизматларининг салоҳияти ҳам намойиш этилди.

20.jpg

Президентнинг 2017 йил 23 майдаги "Ички ишлар органлари ёнғин хавфсизлиги бўлинмалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ижроси доирасида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармаси томонидан ташкил этилган тадбирда ҳудуд аҳолисига ёнғинларнинг олдини олиш, ёнғин содир бўлганда тўғри ҳаракатланиш тартиб-қоидалари, одамлар ҳаёти ва саломатлиги учун зарур тавсиялар берилди.

39.jpg

– Ёнғин хавфсизлиги шахсий таркиби ҳар қандай ҳолатга шай турмоғи, ёнғинни бартараф қилишга жалб этиладиган куч ва воситаларни бошқариш ҳамда улардан самарали фойдаланишни билиши лозим, – дейди ИИВ Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармаси катта муҳандиси, катта лейтенант Сардор Қодиров. – Чунки, фуқаролар тақдири уларнинг қўлида. Йил бошидан буён ёнғинлар профилактикаси доирасида пойтахтимиздаги ижтимоий аҳамиятга молик объектлар, саноат корхоналари ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинларида учрашув, давра суҳбатлари ва ёнғин-тактик машғулотлари ўтказилди.

42.jpg

Тадбир доирасида ИИВ Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармаси ходимлари содир бўлиши мумкин бўлган ёнғинларни ўз вақтида бартараф этиш, бинодаги фуқароларни эвакуация қилиш, шахсий таркибнинг жанговар тайёргарлиги ва касбий маҳорати намойиш этилди. Жанговар бўлинма ходимлари белгиланган тартиб асосида ҳаракат қилиб, шартли ёнғин ўчирилди. Машқ охирида бажарилган ишлар ҳамда йўл қўйилган камчиликлар муҳокама қилинди.

Умумтаълим мактабларида ташкил этилган ёш ёнғин ўчириш дружиналарининг саҳна кўринишлари барчага кўтаринки кайфият бағишлади.

Абдулазиз Мусаев, Фарҳод Абдурасулов (сурат) ЎзА
4 728