ЎзА Ўзбек

26.03.2020 Чоп этиш версияси

Ёлғон хабар тарқатган аёл суд ҳукми билан жазо олди

Ёлғон хабар тарқатган аёл суд ҳукми билан жазо олди

Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати ижтимоий тармоқларда жорий йил 24 март куни эьлон қилинган “Кўргазма видеони ким ва қандай мақсадда олганлиги номаълум” сарлавҳали видео постга расмий муносабат билдиргани ҳақида маьлум қилган эди.

Бугун Ангор тумани маьмурий судида мазкур видеопостни қўл телефонида тасвирга олиб, ундан ёлғон маьлумот тарқатиб, саховатпеша тадбиркорни шарманда қилиш мақсадида фойдаланган Б.Исматованинг хатти-ҳаракатлари кўриб чиқилиб, тегишли жазо берилди.

Маьлум бўлишича, шу йил 22 март куни Ангор тумани “Навбаҳор” маҳалласида истиқомат қилувчи саховатпеша тадбиркорлардан бири маҳалла раиси тавсиясига кўра, маҳаллада яшовчи бир гуруҳ кам таъминланган оилаларга картошка, пиёз сингари озиқ-овқат маҳсулотларини бепул берган.

Короновирус пандемияси жаҳон ҳамжамиятини ташвишга солаётган бир пайтда тадбиркорнинг бу эҳсонини шу маҳаллада истиқомат қилувчи ижтимоий тармоқ фаолларидан бири С.Жўраев ўзининг “Youtube”даги канали орқали тарғиб этишини айтиб, тасвирга олиш учун ҳозиргина ўзи кўрган озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатиш жараёнини қайта ташкил этишни илтимос қилган.

Ўша пайтда озиқ-овқат маҳсулотларини олган бир неча фуқаро уларни яна машинага жойлаб, тасвирга олиш бошлангандан сўнг картошка ва пиёз фуқароларга қайта тарқатилган. Тасвирга олинган бу жараён тўлиғича шу куннинг ўзида С.Жўраевнинг Youtube”даги каналида жайлаштирилиб (https://youtu.be/99-CQ-FiWVE), “Тадбиркор Усмон Эшмуродов Ангор тумани, “Навбаҳор“ маҳалласи аҳолисига ёрдам қўлини чўзди”, деган мазмунда миннатдорчилик билдирилган.

Бироқ,ўша жараённи ўзининг қўл телефони орқали тасвирга олган шу маҳаллада яшовчи Б.Исматова “Ўзбекистонда сахийлик учун берилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини бериш жараёни видеотасвирга олингандан сўнг фуқаролардан қайтариб олинмоқда“, деб изоҳ берган ҳолда Россияга вақтинчалик ишлаш учун кетган турмуш ўртоғига интернет орқали ташлаб беради. У Youtube” тармоғига юбориб, саҳоватпеша тадбиркорни ноҳақ обрўсизлантирган.

Бу ҳаракатлари билан Б. Исматова Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 40-моддасида назарда тутилган маьмурий ҳуқуқбузарликни содир этган.

Ҳуқуқбузар аёл суд мажлисида ўз қилмишига иқрор бўлиб, чин кўнгилдан пушаймонлиги ва бундай ҳаракатни бошқа такрорламаслигини билдирди. Икки нафар вояга етмаган фарзанди борлиги ва оилавий шароити оғирлигини айтиб, ўзига нисбатан қонуний енгиллик беришни сўради.

Суд ҳуқуқбузар ва гувоҳларнинг фикрларини тинглаб, унинг икки нафар вояга етмаган фарзанди борлиги ва моддий аҳволини эьтиборга олган ҳолда Б.Исматовага 3 миллион 345 минг сўм жарима жазоси тайинлади. Тарафларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига қилинган тажовуз бўйича моддий ҳамда маьнавий зарарни ундириш учун фуқаролик тартибида судга мурожаат этиш тушунтирилди.

3 467
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА