ЎзА Ўзбек

15.05.2019 18:54 Чоп этиш версияси

Ёқилғи-энергетика маҳсулотлари намойиши

Ёқилғи-энергетика маҳсулотлари намойиши

Пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ” миллий кўргазмалар мажмуасида "Ўзбекистон нефть ва гази – OGU 2019" йигирма учинчи ва "Энергетика, энергияни тежаш, атом энергетикаси, муқобил энергия манбалари – Power Uzbekistan 2019” ўн тўртинчи халқаро кўргазмалари ўз ишини бошлади.

“Iteca Exhibitions” халқаро кўргазмалар компанияси ва унинг "ITE" компаниялари гуруҳидаги ҳамкорлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги, "Ўзатом" агентлиги, “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти расмий кўмагида ташкил этилган тадбирдан кўзланган мақсад энергетика, нефть-газ соҳаларини ривожлантириш, бу борада халқаро тажрибалар билан танишиш ҳамда ўзаро ҳамкорлик муносабатларни мустаҳкамлашга қаратилган.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси энергетика вазири Алишер Султонов, “Росатом” давлат корпорацияси бош директори Алексей Лихачев, Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллигининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Кристофер Аллан ва бошқалар кейинги йилларда мамлакатимизда ёқилғи-энергетика соҳаларидаги ўзгаришлар, давлатимиз томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлар мазкур тармоқ равнақида муҳим аҳамият касб этиб, хорижлик ҳамкорлар билан бирга ишлаш ҳамда инвестициявий лойиҳаларни жалб қилишга кенг йўл очаётганини қайд этди.

photo5395504485113113281.jpg

Бу галги кўргазмалар ўзига хос бўлиб, "OGU – 2019" экспозицияси "Ўзэкспомарказ”нинг 1- ва 2-павильонлари ва "Атриум 1" залида, 3-павильонда эса "Power Uzbekistan – 2019" халқаро кўргазмаси намойиш этилмоқда. Масалан, "OGU – 2019" кўргазмасида Лукойл, Газпром, DOW, KNOC, Hyundai Engineering, Eriell, Enter Engineering, Turboden, SOCAR, Air Products, Endress + Hauser, JUMO, KROHNE каби маҳаллий ва халқаро нефть-газ ҳамжамиятининг йирик иштирокчилари ўз имкониятларини намоён қилаётган бўлса, "Power Uzbekistan – 2019" кўргазмаси бўлимларида «Росатом» давлат корпорацияси, General Electric (АҚШ) ва доимий иштирокчилар – CALIK ENERJI, Aksa Jenerator San. A.S (Туркия), Силовые Машины (Россия), CENK (Туркия), LAMPAR Srl (Италия) сингари компаниялар кейинги йилларда эришган ютуқларини таништиришга муваффақ бўлаётир.

Ўзбекистон, Австрия, Озарбайжон, Беларусь, Бельгия, Венгрия, Буюк Британия, Вьетнам, Германия, Дания, Ҳиндистон, Индонезия, Италия, Испания, Қозоғистон, Канада, ХХР, Корея Республикаси каби 31 мамлакатнинг 300 дан ортиқ компанияси ва 1000 нафар делегат иштирок этаётган ушбу кўргазмалар ва анжуманлар ёқилғи-энергетика соҳасида илмий-амалий ва инновацион лойиҳалар бўйича амалга оширилган ишлар, муваффақиятлар ва режалар ҳақида атрофлича маълумотлар олиш имконияти яратилгани билан катта аҳамият касб этади.

Улар орасида Россиянинг «Татнефть» (ПАО) компанияси ҳам бор. Кўплаб давлатлар билан ўзаро алоқаларни йўлга қўйган бу компания мамлакатимизда ҳам ўз ишончли ҳамкорларига эга.

photo5395504485113113280.jpg

– Бугунги нуфузли тадбир икки давлат ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлаб, ёқилғи-энергетика соҳасида юқори ютуқларга эришимиз учун катта имкон яратиб бермоқда, – деди «Татнефть» (ПАО) компанияси бош директори Наиль Маганов. – Бугун соҳа равнақи йўлида яна бир келишувга эришдик. Шу билан бирга, геология соҳасида ҳамкорликда илмий изланишлар олиб бориш бошланган. Биргаликда мақола ва диссертациялар ёзиш ишлари қизғин жараёнга айланмоқда. Буларнинг барчаси мамлакатингизда жадал суръатлар билан амалиётга татбиқ этилаётган ислоҳотлар билан муштарак.

Яна бир эътиборли жиҳати шундаки, тадбир мамлакатимизда энергетика соҳасини ривожлантириш, аҳолини етарлича электр энергия билан таъминлаш борасидаги қатор ислоҳотларнинг амалга оширилаётгани билан чамбарчас боғлиқдир. Бу жараёнда Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлигининг ташкил этилгани, тармоқда жиддий ўзгаришлар юз бераётгани "Power Uzbekistan – 2019" кўргазмаси бўлимларида энергетика, энергияни тежаш, атом энергетикаси, электротехника ускуналари, қайта тикланувчи ва энергиянинг муқобил манбалари, куч электроникаси, иссиқлик энергетикаси ускуналари намойишида ўз ифодасини топмоқда.

– Компаниямиз ишлаб чиқараётган аккумуляторларни илк бор Ўзбекистонда намойиш қиляпмиз, – деди Литвадаги «Battec» компанияси тижорат директори Юрга Мартинайтите. – Ўн йилдан буён фаолият кўрсатаётган компания бугунги кунда Украина, Беларусь, Латвия каби давлатлар билан ҳамкорлик қилмоқда. Кўргазмага келадиган бўлсак, қисқа муддатда маҳсулотларимизга қизиқувчилар кўпайиб қолди.

Кўргазмалар доирасида ташкил этилган “Нефть-газ тармоғидаги янги тушунча – янги геосиёсат” мавзусидаги анжуман соҳага доир долзарб масалалар муҳокамасига қаратилди.

Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА
1 937