ЎзА Ўзбек

31.07.2018 21:41 Чоп этиш версияси

Яйлов ўсимликлари нега йўқолиб кетмоқда?

Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси томонидан маъмурий-ҳудудий бирликлар чегараларини белгилаш, ер ресурсларини хатловдан ўтказиш ҳамда яйлов ва пичанзорларда геоботаник тадқиқотларни ўтказишга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Юртимизда ерлардан оқилона ва самарали фойдаланишни ташкил этиш ер муносабатларини тартибга солиш, ерлардан фойдаланишда давлат назоратини кучайтириш борасида тизимли чора-тадбирлар кўрилаётир.

Анжуманда таъкидландики, ҳудудлардаги ер ресурсларини хатловдан ўтказиш ва ҳисоб-китобни йўлга қўйиш ишлари тизимли ташкил этилмагани жойларда ички чегараларни аниқлашда тушунмовчиликларни келтириб чиқармоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 23 апрелдаги “Маъмурий-ҳудудий бирликлар чегараларини белгилаш, ер ресурсларини хатловдан ўтказиш ҳамда яйлов ва пичанзорларда геоботаник тадқиқотларни ўтказиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мавжуд муаммоларни бартараф этиш ва соҳа такомиллашувида муҳим ҳуқуқий асосдир.

Қарор ижроси доирасида 2018-2021 йилларда янги тартиб асосида, замонавий технологияларни соҳага татбиқ этиш орқали ҳудудлар чегараларининг координаталар каталоги ишлаб чиқилади ва рақамли чегараси кўрсатилади.

Маълумотлар электрон шаклда мунтазам янгилаб борилади. Келгусида ер маълумотлар базасининг геопорталини ишлаб чиқиш режалаштирилмоқда. Натижада фермер хўжаликлари ўзининг ер майдони тўғрисидаги барча маълумотларни исталган вақтда интернет тармоғига уланган ҳолда олиш имкониятига эга бўлади.

Асосийси, яйловларни бошқариш ва ундан самарали фойдаланишнинг ахборотлашган янги тизимини ишлаб чиқишга эришилади. Бу каби саъй-ҳаракатлар ерлар тўғрисидаги маълумотларнинг электрон шаклини яратиш ва ундан оқилона фойдаланиш имкониятини кенгайтиради.

Барно Мелиқулова, ЎзА
2 840