ЎзА Ўзбек

11.03.2019 21:30 Чоп этиш версияси

Яшнободликлар навбат кутишни яхши кўради(ми?)

Яшнободликлар навбат кутишни яхши кўради(ми?)

Беитхтиёр ўйлаб қолдим, яшнободликлар навбат кутишни яхши кўрадиларми ёки одамларни кимлардир шунга мажбур қилмоқдами? 

Пойтахтимизнинг Яшнобод туманида жойлашган «Авиасозлар» деҳқон бозори – аҳоли энг гавжум бозорлардан бири ҳисобланади. Бозордаги шарт-шароит замонавий бўлмаса-да, маҳсулотлар тўкинлиги, хилма-хиллиги кўпчиликни ўзига жалб этади.

Бозорлик қилиш учун бу ерга келган кишилар йўл-йўлакай бошқа ишларини, масалан, банкка кириб коммунал ва бошқа хизматларга тўлов қилишни маъқул кўради. 

Бозор ҳудудида жойлашган банк шохобчаси ходимларининг тўлов қабул қилиш бўйича қўли-қўлига тегмайди. Умумуий майдони нари борса 5-6 квадрат метр чиқадиган бу шохобча аслида банк сифатида ҳеч бир талабга жавоб бермайди. Бунинг устига ҳар кунги узундан-узоқ навбат кутишлар одамларнинг жонига ҳам тегиб кетди. 

Наҳотки мутасаддилар бу ҳолни кўришмаса, билишмаса?! 

Одамларнинг банк шохобчаси биносидан ташқарида ҳам навбатда турганини кўриб, хафсалам пир бўлди. Табиий газга тўлов қилиш учун ҳамроҳим билан Яшнобод тумани газ идорасига йўл олдик. Бу ерда ҳам шу аҳвол. Тўлов қабул қилинаётган хонага ҳатто бош суқиб бўлмайди. 

Беитхтиёр ўйлаб қолдим, яшнободликлар навбат кутишни яхши кўрадиларми ёки одамларни кимлардир шунга мажбур қилмоқдами? 

Бозордаги банкоматларни-ку гапирмаса ҳам бўлади. Ҳар куни, ҳар соат, ҳар лаҳза бу ерда навбатда турган одамларни кўриш мумкин. Турнақатор навбатлар ҳосил бўлаверганидан мутасаддилар бозор ўртасидаги банкоматни олиб ташлаб муаммодан «қутилишди»(?!). 

Бу ҳолатларни қоғозга битишдан, суратларга муҳрлашдан мақсадимиз муаммони бартараф этишга қаратилган. Мутасаддилар бу ҳақда ўйлаб кўради, деган умиддамиз. 

Норгул Абдураимова, ЎзА
5 444