ЎзА Ўзбек

11.09.2019 Чоп этиш версияси

“Яшнобод” футбол клубига янги стадион қуриладиган бўлди

“Яшнобод” футбол клубига янги стадион қуриладиган бўлди

Пойтахтимизнинг Яшнобод туман ҳокимлиги ташаббуси билан ташкил этилган “Яшнобод” футбол жамоаси Ўзбекистон миллий чемпионати ПРО лигасида ўзининг дебют мавсумини ўтказмоқда. Гарчи яшнободликлар илк маротаба мамлакат миқёсидаги мусобақада қатнашаётган бўлса-да, ўзларининг ёрқин ўйинлари билан мухлис ва мутахассислар эътиборини қозонмоқда.

Айниқса, жамоа аъзолари “Ўзбекистон кубоги – 2019” баҳсларида чиройли ўйинлар кўрди. Амалдаги мавсумда Азизжон Файзиев шогирдлари ПРО лига вакиллари орасида супер лига жамоасини мағлубиятга учратган ягона клуб сифатида тарихдан жой олди. Буларнинг барчаси аввало туман ҳокимлиги ва хомийларнинг “Яшнобод” жамоаси учун шароит яратишга алоҳида эътибор бераётгани билан белгиланади. Айни пайтда яшнободликлар машғулотларни тумандаги 198-умумтаълим мактаби стадионида ўтказса, уй учрашувларини “Яккасарой” спорт мажмуасида ўйнаб келмоқда.

Келгусида футболчилар учун замонавий шароит яратишни ўз олдига мақсад қилган Яшнобод туман ҳокимлиги яқинда яна бир амалий ишга қўл урди. Туман ҳокими Ҳожиакбар Тиллашайхов ташаббуси билан Политехника касб-ҳунар коллежи ҳудудида анчадан буён қаровсиз қолган футбол майдони ўрнида энди ушбу футбол жамоаси учун сунъий қопламали футбол майдони ва машғулотлар базаси барпо қилинадиган бўлди.

Шу муносабат билан ташкил этилган учрашувда туман ҳокимлиги масъуллари мазкур лойиҳа бўйича соҳада тажрибали “HATKO SPORTS TECHNOLOGIES CORP" компанияси вакиллари билан келишувга эришди.

– Юртимиз истеъдодли ёшларга бой, — деди Яшнобод туман ҳокими Ҳ. Тиллашайхов. – Мақсадимиз иқтидорли ёшларни кашф этиш учун қулай шароит яратиш. Ташкил топганига эндигина бир йилдан ошган “Яшнобод” жамоамиз эришган натижалар билан ҳали мақтанишга эрта. Бунинг учун аввало футбол клуб ўз инфраструктурасига эга бўлиши лозим. Кейин биз жамоа олдига жиддий вазифалар қўйсак ярашади. Шуни ҳисобга олиб, “Яшнобод” профессионал футбол клубига замонавий қароргоҳ барпо этамиз. Бу борада биз катта тажрибага эга хорижлик ҳамкорлар билан ишламоқдамиз.

Сунъий қопламали футбол майдони билан биргаликда бу масканда 30 ўринли ётоқхона, машғулотлар майдончалари, ювиниш хонаси, тренажёрлар ва автотураргоҳ ҳам бунёд этилади. Янги стадион ўз бағрига уч минг томошабин учун мўлжалланмоқда. Бу саъй-ҳаракатлар орқали ёш жамоа миллий чемпионатда ҳам ўз мавқеига эга бўлиб, мухлислари сафини янада кенгайтиради.



5 986
А.Мусаев, ЎзА