ЎзА Ўзбек

25.08.2018 17:24 Чоп этиш версияси

Яширилган SIM-карталар фош этилди

Яширилган SIM-карталар фош этилди
Қўшни давлатлардан шахсий фойдаланиш учун деган ниқоб остида товарларни тижорат мақсадида олиб ўтишга бўлган уринишлар кузатилмоқда.

2018 йилнинг 1 июлидан эътиборан мамлакатимиз ҳудудига қўшни давлатлардан жисмоний шахслар томонидан ўз эҳтиёжлари учун товарларни олиб ўтиш тартиби янада такомиллашди. Бунда асосий эътибор жисмоний шахслар товарларни божхона тўловлари тўламасдан олиб ўтишнинг миқдорий нормаларидан тижорат мақсадида фойдаланишнинг олдини олишга қаратилди. Шунга қарамай, ҳамон қўшни давлатлардан шахсий фойдаланиш учун деган ниқоб остида товарларни тижорат мақсадида олиб ўтишга бўлган уринишлар кўзга ташланмоқда.

Тошкент вилояти божхона бошқармаси ахборот хизматининг маълумотига кўра, “Ғишткўприк” чегара-божхона пости орқали кириб келган йўловчилардан бирининг қўл юклари божхона кўригидан ўтказилганида, улар орасида йўловчи божхона декларациясида ва божхона ходимларининг оғзаки сўрови пайтида маълум қилинмаган уяли алоқа учун мўлжалланган SIM-карталар борлиги маълум бўлди.

Ўзбекистон ҳудудида фаолият юритмайдиган алоқа операторига тааллуқли 16 минг 900 дона SIM-карталарнинг умумий қиймати салкам 17 миллион сўмни ташкил қилар экан.

Тошкент вилояти божхона бошқармасининг Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида ноқонуний равишда олиб кетилаётган товар-моддий бойликлар тўхтатиб қолинди.

Тошкент туманида ҳаракатланаётган “Damas” автомашинаси тўхтатилиб, холислар иштирокида кўздан кечирилганида, автомашинага хорижий давлатларда ишлаб чиқарилган ва ҳеч қандай ҳужжатлари бўлмаган 4,8 миллион сўмлик 7 турдаги ичимлик, озиқ-овқат ва сут маҳсулотлари ортилганлиги аниқланди.

Суриштирувлар давомида маълум бўлишича, қонунбузарлар пост орқали ҳаракатланаётган жисмоний шахсларни маълум бир ҳақ эвазига ёллаб, кейинчалик қайта сотиш мақсадида ушбу товарларни доналаб ташиб кирган ҳолда ички ҳудудда тўплаган экан.

Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бўлими томонидан аниқланган шунга ўхшаш яна бир ҳолатда бошқа бир “Damas” автомашинаси тўхтатилиб, холислар иштирокида кўздан кечирилганида, унда хорижий давлатларда ишлаб чиқарилган, ҳеч қандай ҳужжатлари бўлмаган умумий қиймати салкам 16 миллион сўмлик 21 турдаги сифати кафолатланмаган озиқ-овқат маҳсулотлари ва хўжалик товарлари ортилган экан.

Ҳозирда ушбу ҳолатлар юзасидан текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

ЎзА
7 704