Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

04.06.2018 14:24 Чоп этиш версияси

«Яшил йўлак» орқали ҳаракатланаётган фуқаро белгиланган қоидани бузди

«Яшил йўлак» орқали ҳаракатланаётган фуқаро белгиланган қоидани бузди
Амалдаги тартибларга мувофиқ хориждан ҳаво транспорти орқали юртимизга келаётган фуқаролар қиймати 2000 АҚШ долларига тенг бўлган товарларни халқаро аэропортларимизда ташкил этилган “яшил йўлак" орқали юртимизга божсиз олиб киришлари мумкин.

Агарда олиб кирилаётган маҳсулотлар қиймати ушбу меъёрдан ошса, фуқаролар “қизил йўлак"ни танлаши ҳамда меъёрдан ортиқча товарлар учун бож тўлаши зарур. Аммо айрим шахслар юртимизда яратилаётган ушбу қулайликларни суиистеъмол қилишга уринмоқда.

Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида божхоначилар томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида шу каби қонунбузарлик ҳолатлари фош этилди. 

Давлат божхона қўмитаси Ахборот хизмати берган хабарга кўра, «Пекин – Тошкент» йўналиши бўйича учиб келган мамлакатимиз фуқароси, Хитойдаги «Чан шу» институти талабаси А.Ғ. «яшил йўлак» орқали ҳаракатланиб, божхона ходимининг оғзаки сўрови пайтида ҳеч қандай ортиқча товарлари йўқлигини маълум қилган.

Аммо унинг багажи божхона кўригидан ўтказилганда, унинг ичида божхона декларациясида кўрсатилмаган ва божхона ходимининг оғзаки сўровида айтилмаган, жисмоний шахслар учун белгиланган олиб кириш меъёридан ортиқ бўлган, умумий нархи 23 миллион 946 минг 750 сўмга тенг 100 қути тиббиёт игналари ва 1 минг 208 дона катта ҳажмли электрон маълумотларни сақлаш, ташиш ва узатиш воситаси ҳисобланган USB флэшкалар борлиги аниқланди. 

Шунга ўхшаш яна бир ҳолатда «Сеул – Тошкент» йўналиши бўйича учиб келган фуқаро Х.Р. мамлакатимизга кириб келиш чоғида «қизил йўлак»ни танлади.

Божхоначилар ушбу фуқарони қонунга итоаткор ва белгиланган меъёрдан ортиқ товарлари учун бож тўлайди, деб хулоса қилган эди. Фуқаронинг багажи божхона кўригидан ўтказилганда унинг ичида йўловчи божхона декларациясида кўрсатилмаган ва божхона ходимининг оғзаки сўровида айтилмаган, жисмоний шахслар учун белгиланган олиб кириш меъёридан ортиқ бўлган, умумий нархи 10 миллион 57 минг 635 сўмга тенг жами 14 дона турли уяли телефонлар борлиги аниқланди. 

Ҳозирда ушбу ҳолатлар юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, текширув ҳаракатлари давом эттирилмоқда. 

Даврон Суннатов, ЎзА
2 263