ЎзА Ўзбек

19.11.2019 Чоп этиш версияси

Ярмаркада Энергетика вазирлиги корхоналари ҳам ўз имкониятларини таклиф этмоқда

Ярмаркада Энергетика вазирлиги корхоналари ҳам ўз имкониятларини таклиф этмоқда

Пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ“ миллий кўргазмалар мажмуида ўтказилаётган Ўзбекистон саноат ярмаркаси ва кооперация биржасида мингга яқин мамлакатимиз саноат корхонаси 10 мингдан ортиқ турдаги маҳсулотларини намойиш этмоқда.

Улар орасида Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги тасарруфидаги “Ўзбекнефтгаз”, “Ўзтрансгаз” акциядорлик жамиятлари ҳам фаол иштирок этмоқда.

“Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамиятнинг маҳаллийлаштириш бўлими бошлиғи Ойбек Жалиловнинг таъкидлашича, тадбир ишлаб чиқарувчилар ҳақиқий танишув жараёни ва шартномалар имзолашга қулай фурсат бўлди. Мажмуининг тўртинчи павильонидан жой олган ушбу корхона маҳсулотларига маҳаллий ишлаб чиқарувчилар катта қизиқиш билдирмоқда.

– Бугунги тадбирда жамият томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотларимизни намойиш қилиш билан бир қаторда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан алоқаларни янада кенгайтиришни мақсад қилганмиз, – деди у. – Яна бир аҳамиятлиси шуки, авваллари ишлаб чиқарувчиларни қидириб топиш ва улар билан танишиш қийин бўлган бўлса, бугунги тадбир ана шу муаммолар ечими бўлди, десам ўринли бўлади. Шу билан бирга, “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти вазирлик ҳузурида ташкил этилган Электрон кооперация биржаси порталидан рўйхатдан ўтиб, маҳсулотларини жойлаштирди ва ҳозир электрон шартномалар тузиш жараёнидамиз.

photo5377373602795596835.jpg

Ярмаркада вазирликнинг яна бир корхонаси – “Ўзтрансгаз” акциядорлик жамияти ҳам ўз имкониятларини тақдим қилишга муваффақ бўлаётир. Кўргазма стендидан жамият томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ва унинг фаолияти учун зарур ускуналар жой олган.

–Бугунги кунда жамият 13 минг 250 километр магистрал газ қувурларига хизмат кўрсатмоқда, – деди “Ўзтрансгаз” АЖ департамент бошлиғи Илҳом Бегалиев. – Шу билан бирга, жамият томонидан Маҳаллийлаштириш дастури доирасида 10 турдаги маҳсулот ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Ушбу ярмаркадан ана шу маҳсулотлар, жумладан, қурилиш моллари, электрод, мих, оҳак, лак-буёқ, махсус кийимлар ўрин олган. Эътиборли жиҳати, маҳаллий тадбиркорларга берилаётган бу каби имкониятлар улар фаолияти равнақида муҳим роль ўйнайди.

1 369
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА