ЎзА Ўзбек

08.08.2018 18:10 Чоп этиш версияси

Ярим йилликда режа бўйича кўрсаткич 103 фоизни ташкил этди

Ярим йилликда режа бўйича кўрсаткич 103 фоизни ташкил этди
“Ўзқурилишматериаллари” акциядорлик жамиятининг ахборот хизмати маълумотига кўра, ушбу жамият таркибидаги корхоналарда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ташқи бозорда ҳам ўз ўрнини эгаллаган. 

Жамият тизимида жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида жами 22 миллион 41 минг долларлик маҳсулотлар экспорт қилинди. Режа бўйича кўрсаткич 103 фоизни ташкил этди. 

Бугунги кунда жамият таркибидаги корхоналарда ишлаб чиқарилган сопол плиткалар, сантехкерамика маҳсулотлари, қуруқ қурилиш аралашмалари, пишган ғишт, табиий тошдан ясалган қопловчи буюмлар, оҳак, полипропилен қувурлар, фитинглар сингари қурилиш материалларига Россия, Украина, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон давлатлари бозорларида талаб ортиб бормоқда. 

Эндиликда улар қаторига Тожикистон ва Афғонистон ҳам қўшилди. Негаки, бу давлатларга 2017 йилдан сантехкерамика буюмлари, асбест буюмлар, сопол плиталар, қурилиш ойнаси ва цемент каби маҳсулотлар экспорт қилинмоқда. 

Қайд этиш жоизки, жамият қурилиш материалларининг экспорт салоҳиятини ошириш бўйича зарур чоралар кўрмоқда. Бу жараёнда экспорт қилинадиган маҳсулотлар турини кўпайтириш ва экспорт географиясини кенгайтириш бўйича аниқ режалар белгилаб олинган. 

Шу мақсадда Покистон Республикасининг «Бахрия тавн» йирик компаниясига ишлаб чиқарилаётган 10 дан ортиқ қурилиш материалларининг намуналари, Беларусь Республикасига мамлакатимизда мавжуд табиий пардозбоп тошлар, Ҳиндистон Республикасига янги ва замонавий турдаги қурилиш материали ишлаб чиқариш имкониятини берадиган табиий базальт тоши намуналари юборилди. 

Албатта, бундай саъй-ҳаракатлар Ўзбекистоннинг хорижий мамлакатлар, хусусан, Покистон, Беларусь ва Ҳиндистон давлатлари билан иқтисодий алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилади. 

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА.
6 836