ЎзА Ўзбек

20.07.2018 17:26 Чоп этиш версияси

Ярим йиллик фаолият натижалари

Ярим йиллик фаолият натижалари
Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси томонидан оммавий ахборот воситалари вакиллари учун матбуот анжумани ўтказилди.

Унда фракциянинг 2018 йил биринчи ярмидаги фаолияти, амалга оширган ишлари, қонунчилик ташаббуслари, ҳудудлардаги фаолияти хусусида ахборот берилди.

Қонун ижодкорлиги соҳасида фракция аъзоларининг фаоллиги бирмунча ошгани кузатилди. Ҳисобот даврида депутатлар томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида 11 та қонун лойиҳаси киритилган бўлса, уларнинг 9 тасида фракция аъзолари иштирок этди. Жумладан, «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида», «Жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталар чекишни чеклаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунлари қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳалари ишлаб чиқилди ва Қонунчилик палатаси муҳокамасига киритилди.

Кенг жамоатчиликнинг қизғин муҳокамаларига сабаб бўлган «Жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталар чекишни чеклаш тўғрисида»ги қонун 2018 йил 2 июль куни давлатимиз раҳбари томонидан имзоланди.

Ўтган даврда фракция йиғилишларида жами 184 та масала кўриб чиқилди. Шундан 16 таси Президентимизнинг фармон, қарор ва маърузаларидан келиб чиқадиган устувор вазифаларга, 122 таси қонун ижодкорлиги, 4 таси назорат-таҳлил ва 39 таси фракция фаолиятига оид ташкилий масалаларга бағишланган.

Президентимиз ёшлар қонунларни қабул қилиш жараёнларини, партиялараро рақобат ва тортишувлар асосида ўтадиган мажлисларни ўз кўзи билан кўриши, депутатлар билан мулоқот қилиши учун шароит яратиш масаласини илгари сурган эди. Шу мақсадда 313 нафар ёш йигит-қиз фракциянинг 19 та йиғилишида иштирок этди, депутатлар билан бевосита суҳбатлашиш имконига эга бўлди.

Фракция аъзоларининг ҳудудлардаги фаолияти, сайловчилар билан учрашувлари олдинги йилларга нисбатан самарали кечди. Хусусан, жойлардаги ҳақиқий ҳолатни ўрганиш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг муҳим вазифаларини ҳал этиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш юзасидан ҳисобот даврида 64 тумандаги вазият ўрганилди. 

Аҳоли томонидан асосан уй-жой, коммунал соҳа, бандлик, таълим, тиббий хизмат, интерактив давлат хизматлари кўрсатиш, банк кредит, тадбиркорлик, транспорт ва йўл қурилишига оид жами 1 минг 500 дан зиёд муаммо ўртага ташланган. Уларнинг 1 минг 200 га яқини фракция аъзолари томонидан тегишли маҳаллий давлат органлари билан ҳамкорликда жойида ҳал этилган бўлса, 300 га яқини республика миқёсида кўриб чиқилиши лозим бўлган масалалар юзасидан тегишли вазирлик, идора ва бошқа давлат ташкилотларига юборилди, ижроси депутатлик назоратга олинди.

Нурилло Насриев, ЎзА
8 115