ЎзА Ўзбек

30.08.2018 20:34 Чоп этиш версияси

Япониялик олимлар Самарқандда

Япониялик олимлар Самарқандда Мамлакатимизда меҳмон бўлиб турган Япониянинг Нагоя университети Президенти Мацуо Сейити раҳбарлигидаги делегация 30 август куни Самарқанд шаҳрига келди.

Нобель мукофоти лауреати Рёдзи Ноёри ва яна бир қатор дунёга машҳур олимлар Самарқанд билан танишувни Соҳибқирон Амир Темур мақбарасини зиёрат қилишдан бошлади.

Меҳмонларга буюк жаҳонгирнинг Шарқда қудратли давлатга асос солгани, адолатли, халқпарвар сиёсат юритгани, минтақа илм-фани ва маданияти ривожига қўшган беқиёс ҳиссаси, бунёдкорлик ишлари ҳақида батафсил маълумот берилди.

7.JPG

Регистон майдонидаги маҳобатли уч мадраса ва уларнинг яратилиш тарихи, шу ерда намойиш этилган миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмаси ҳам япониялик олимларда катта қизиқиш уйғотди.

– Самарқандга биринчи келишимданоқ шаҳар менга ўзининг бой ўтмиши, тарихий обидалари, гўзал табиати ва самимий одамлари билан манзур бўлди, – дейди Нагоя университети Президенти Мацуо Сейити. – Бу заминнинг азалдан тамаддун марказларидан бири сифатида шуҳрат топиши бежиз эмас экан. Аждодларингизнинг бой маънавий меросини асраб-авайлашга эътибор, бугунги бунёдкорлик ишлари ва ёшларнинг илм эгаллаши учун давлат томонидан яратилаётган имкониятлар ота-боболарингиз анъаналари давом этаётганидан далолат беради.

Делегация аъзолари Бибихоним масжиди, Мирзо Улуғбек расадхонаси ва бошқа тарихий-маданий ёдгорликлар билан ҳам танишди.

10 (1).JPG

Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат) ЎзА
4 277