ЎзА Ўзбек

29.08.2018 16:58 Чоп этиш версияси

Япониялик нобел мукофоти лауреати ёшлар марказида маъруза қилди

Япониялик нобел мукофоти лауреати ёшлар марказида маъруза қилди
Япониянинг Нагоя университети Президенти Мацуо Сейити раҳбарлигидаги Япония делегацияси таркибида япониялик машҳур олим, Нагоя университетининг профессори, кимё бўйича Нобель мукофоти лауреати Рёдзи Ноёрининг ҳам борлиги юртимиз илм-фани тараққиётидаги муҳим воқеа бўлди. Бу ҳақида ёшлар иттифоқи марказий кенгаши ахборот хизмати хабар қилди.

Бугун Ёшлар марказида Рёдзи Ноёри ўзбекистонлик иқтидорли ёшлар, тадқиқотчилар, олимлар билан учрашди.

У «Менинг маконим қаер, сен қаерга кетяпсан?» (Where am I from, Where are you going) мавзусида маъруза қилди.

Мазкур тадбирда вазирлик ва идоралар, Фанлар академияси, илмий-тадқиқот институтлари вакиллари, Республикамизнинг барча ҳудудларидан таклиф этилган иқтидорли талабалар, илмий тадқиқотчилар ва ёшлар иштирок этди.

Рёдзи Ноёри илм-фаннинг сўнгги ютуқлари, ўзининг ҳаётий тажрибаси ва илмий натижалари ҳақида атрофлича сўз юритди ҳамда Ўзбекистон ва Япония ўртасида илм-фан соҳасида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш тарафдори эканлиги, бу ҳамкорлик таълим сифатини ошириш, инновацион келажакни яратиш, истиқболли педагог ва илмий кадрларнинг малакасини оширишга хизмат қилишини таъкидлади.

Ўзбекистонлик ёш олимлар томонидан берилган саволларга жавоб берар экан, Рёдзи Ноёри Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан ҳар бир соҳада, айниқса таълим сифатини ошириш, қонунчилик соҳасида улкан ислоҳотлар олиб борилаётганини ҳам эътироф этди.

Дунё миқёсидаги таниқли олим, Нобель мукофоти лауреати Рёдзи Ноёри билан бўлган тарихий учрашув юртимизнинг иқтидорли ёшларини илм-фан билан чуқурроқ шуғулланиш ва инновацион фикрлашга ундади.

ЎзА
2 263