ЎзА Ўзбек

19.12.2019 Чоп этиш версияси

Японияда Ўзбекистон маданий меросига бағишланган кўргазма очилди

Японияда Ўзбекистон маданий меросига бағишланган кўргазма очилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Японияга расмий ташрифи доирасида Кунчиқар мамлакатнинг турли ҳудудларида бир қатор маданий-маърифий тадбирлар, учрашувлар, кўргазмалар, тақдимот маросимлари ўтказилмоқда.

Япониянинг Киото шаҳри яқинидаги Михо музейида “Қадимги Амударё хазиналари” кўргазмасининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Тадбир очилишида Михо музейи менежери ва тадқиқот директори Инагаки Хадзиме, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги А.Сагдуллаев, Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, асраш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти аъзоси, Михо музейининг махсус тадқиқотчиси Сергей Лаптев, музей кенгаши раисининг ўринбосари Исимару Цёун ва бошқалар Ўзбекистон билан Япония ўртасидаги маданий алоқаларнинг узоқ тарихи, халқларимиз мероси, турмуш тарзи, урф-одат ва анъаналаридаги муштарак жиҳатлар, Японияда сақланаётган Ўзбекистон, умуман, Марказий Осиёга оид осори-атиқаларнинг илмий аҳамияти хусусида сўз юритдилар.

Музейга Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, асраш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти ва “Ўзбекистоннинг маданий мероси жаҳон тўпламларида“ лойиҳаси доирасида 10 жилдлик китоб-альбомлар тўплами ҳамда туркумнинг Япония коллекцияларидаги Марказий Осиё хазиналарига бағишланган янги жилди тақдим этилди.

Ўзбекистон Бадиий академияси академиги Шарофиддин Юсупов томонидан ишланган лаганларнинг музейга тақдим этилиши ундаги ўзбек экспозициясини янада бойитди.

Учрашув қатнашчилари Михо музейининг учта залида “Ўзбекистон – Япония: Буюк ипак йўлида” медиа-ивенти муносабати билан очилган махсус экспозиция билан танишдилар. Кўргазмага ташриф буюрган меҳмонларга лойиҳа ва Япониядаги музейларда сақланадиган Марказий Осиё минтақаси ҳақида ҳикоя қилувчи видеофильмлар намойиш этилди.

Тадбир доирасида Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, асраш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти делегацияси вакиллари Киото Гуманитар тадқиқотлар институтига ташриф буюрди.

– Ўзбекистон ҳукумати ташаббуси билан мамлакатингиз маданиятини ўрганиш ва асраб-авайлаш борасида олиб борилаётган ишлар нафақат Ўзбекистон халқлари, балки бутун дунё учун муҳим аҳамиятга эга, – деди Инаба Минору. – Ўзбекистон Президенти кириш сўзи билан бошланган “Марказий Осиёнинг маданий мероси Япония музейларида“ китобининг чоп этилиши мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар қанчалик теран ва бой тарихга эга эканини кўрсатади.

Институт директори ўринбосари, институтнинг Aхборот маркази директори Инаба Минору, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Ўзбекистон ҳукуматининг маданий меросни ўрганиш ва оммалаштиришга қаратаётган эътиборини юқори баҳолади.

4 952
Рустам Жабборов, ЎзА