ЎзА Ўзбек

15.03.2019 17:41 Чоп этиш версияси

Японияда “Юксалиш” умуммиллий ҳаракатининг ваколатхонаси очилади

Японияда “Юксалиш” умуммиллий ҳаракатининг ваколатхонаси очилади

Аввал хабар берганимиздек, шу кунларда мамлакатимиз идоралараро делегацияси Японияда ҳамкорликка оид қатор учрашувларда иштирок этмоқда. 

Ташриф доирасида мамлакатимиз вакиллари Ўзбекистонда маъмурий ислоҳотларни амалга ошириш, суд-ҳуқуқ тизимидаги ҳамкорлик масалалари бўйича музокаралар олиб бормоқда. Ушбу мамлакатда меҳнат фаолиятини олиб бораётган ва таҳсил олаётган ватандошларнинг мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни янада жадаллаштириш бўйича таклифлари ўрганилмоқда.

Япониянинг икки йирик шаҳарлари – Токио ва Нагояда ташкил этилган ана шундай учрашувда Токио шаҳрида Ўзбекистон Маданият ва маърифат марказини очиш таклифи илгари сурилди. Марказда ўзбек миллий байрамларини ўтказиш, она тилимиз ва тарихимизни японияликларга танитиш, турли муҳокама ва учрашувларни ташкил этиш ва қатор лойиҳаларни амалга ошириш мумкин бўлади.

Нагоядаги олий ўқув юртларида фаолият юритаётган ўзбекистонлик профессорлар, етакчи компаниялар мутахассислари ҳамда “Буюк келажак” экспертлик кенгаши аъзолари иштирокида учрашув бўлиб ўтди. Иштирокчилар томонидан “Юксалиш” умуммиллий ҳаракатининг хориждаги ваколатхонасини ташкил этиш масаласи ҳам муҳокама қилинди. 

Ҳар икки таклиф делегация аъзолари ва Ўзбекистон Республикасининг Япониядаги элчихонаси вакиллари томонидан қўллаб-қувватланди. Таъкидланишича, Нагояда ташкил этиладиган “Юксалиш” умуммиллий ҳаракатининг ваколатхонаси хориждаги ватандошлар билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш ва уларни Ўзбекистондаги ислоҳотлар жараёнига фаол жалб қилиш имконини беради.

Япония парламентининг вакиллар палатаси аъзоси, собиқ адлия вазири Ёко Камикава учрашувда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Адлия вазирлиги ва парламент аъзоларини келгуси йилнинг апрел ойида Киото шаҳрида бўлиб ўтадиган БМТнинг Жиноятчиликни олдини олиш бўйича 14-Конгрессида иштирок этишга таклиф қилди.

Япония парламенти маслаҳатчилар палатаси аъзоси, Япониянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Кёко Накаяма Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолаб, жорий йил Тошкент шаҳрида ўтказиладиган навбатдаги Ўзбекистон – Япония парламентлараро форумини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёр эканини билдирди. Ўз навбатида, Япония адлия вазири ўринбосари Хироаки Кадояма вазирлик Ўзбекистонда амалга оширилаётган маъмурий ислоҳотларни қўллаб-қувватлашини маълум қилди.

ЎзА
1 776