Японияда ўқиётган ўзбекистонлик талабаларга Президент совғалари топширилди
Нагоя, 18 декабрь. ЎзА махсус мухбири Матназар Элмуродов хабар қилади.
Нагоя, 18 декабрь. ЎзА махсус мухбири Матназар Элмуродов хабар қилади.
Мустақиллик йилларида ўзбекистонлик 5 мингдан зиёд талаба Япония университетларини тамомлаб, Ватанимиз равнақи йўлида хизмат қилмоқда. Япониянинг энг нуфузли олий таълим масканларидан бири бўлган Нагоя университетида бугунги кунда ўнлаб ёшларимиз таҳсил олмоқда.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Японияга ташрифи доирасида 18 декабрь куни мазкур университетда ўқиётган талаба ва тадқиқотчиларга Ўзбекистон Республикаси Президенти совғаларини топшириш маросими бўлди.
Тадбирда “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси Акмал Бурҳонов, Ўзбекистон Фанлар академияси президенти Беҳзод Йўлдошев, Ўзбекистон олий ва ўрта махсус таълим вазири Ином Мажидов Тошкент давлат техника университети ректори Садриддин Туробжонов иштирок этди.
Акмал Бурҳонов Ўзбекистон Япония билан таълим соҳасида изчил ҳамкорлик олиб бораётгани, бунинг натижасида кўплаб ёшларимиз ушбу мамлакатда таҳсил олиб, ўз билим ва салоҳиятини намоён этаётганини таъкидлади. Ватанимизнинг бу ёшлардан умиди катта экани, улар келгусида замонавий илм-фан йўналишлари, юқори технологиялар бўйича эгаллаган билимларини юртимизга сафарбар қилишга тайёр экани қайд этилди.
Шундан сўнг талаба ёшларга Президентимиз совғалари – замонавий компьютерлар тантанали равишда топширилди.
– Биз, ёшларга кўрсатган юксак эътибори учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдирамиз, – дейди Нагоя университети докторанти Умида Ҳусаинова. – Япониядан етук мутахассислар бўлиб қайтиб, юртимизни янада тараққий эттириш йўлида бор билим ва тажрибамизни ишга соламиз.