ЎзА Ўзбек

17.09.2020 Чоп этиш версияси

Янгийўлдан янги тарихий топилма

Янгийўлдан янги тарихий топилма

2020 йилнинг 16 сентябрида Тошкент вилояти, Янгийўл тумани, Кенгкечик маҳалласида яшовчи Абдувоҳид Умрзоқов ҳовлисида қудуқ қазиш жараёнида бир неча сопол буюмлар ва суякларга дуч келган.
Бу ашёларнинг ноёблигини тушуниб етган маҳалла фаоли, нафақадаги милиция подполковниги Ҳабибулла Юсуфжонов топилмаларни илмий жиҳатдан ўрганишни сўраб академик Аҳмадали Асқаровга мурожаат қилади. Домла ташаббуси билан ФА Тарих Институти, ФА Миллий археология маркази ва Низомий номидаги ТДПУ Тарих факультети ходимларидан иборат ишчи гуруҳ кўрсатилган манзилга етиб боради.

a4289a83-263b-4f68-a4b1-9af26a824c9e.jpg

Томонлари 1,7х1,7 м, чуқурлиги 6 метр бўлган қудуқнинг ўрганилиши шуни кўрсатдики, ер сатҳидан 3 метр чуқурликда 3 кишига тегишли бўлган майит чалқанчасига ётқизилиб дафн қилинган. Қудуқни қазиш пайтида суяклар атрофидан 10 та сопол буюм ковлаб олинган. Топилмалар орасида дастаси бурама шохли қўчқор боши тасвирланган ёғлиғи, қизил ва қаймоқ рангда ангобланган тутқичсиз қадаҳлар, калта жўмракли кўзалар бор Марҳумларни бундай осори-атиқалар билан кўмиш одати археологлар томонидан ўтган асрнинг 30-40 йилларидан бошлаб бугунгача Тошкент вилоятининг қатор ҳудудларида аниқланган. Тадқиқотларда бундай қабрлар гумбаз шаклидаги хилхона тузилишида бўлиб, унга диаметри 60х80 см ўлчамдаги узун йўлак орқали тушилгани, сопол буюмлар асосан марҳумларнинг бош ва оёқ томонига қўйилгани исботланган. Улар фанда милоддан олдинги II асрдан – милодий VI асрлар билан даврлаштириладиган Тошкент воҳасида кенг ёйилган Қовунчи археологик маданиятига мансуб саналади. Айни дамда топилган қабр қолдиқлари ва сопол идишлар ҳам Қовунчи маданиятига хосдир. Идишлар тутқичининг бурама шохли қўчқор кўринишида ясалиши одати милоддан олдинги II асрдан – милодий IV асрларда кенг тарқалган. Шунга асосланиб ишчи гуруҳ ушбу қабр ва ундан олинган ашёлар юқорида кўрсатилган даврларга оид деган хулосага келишган.

4dc96db8-7340-4e1a-8dbe-696fb9ff4552.jpg

Ушбу ноёб топилма ҳақида илмий жамоатчиликка хабар берган Ҳабибулла Юсуфжоновга миннатдорчилик билдирамиз.

Дилмурод НОРМУРОДОВ,
ФА Тарих институти бўлим бошлиғи

2 236
ЎзА