ЎзА Ўзбек

21.07.2018 11:11 Чоп этиш версияси

Янгиободда қандай лойиҳалар амалга оширилмоқда?

Жиззах вилояти Янгиобод туманидаги “ Хўжамушкентсой” каналининг 7,3 километрлик қисми таъмирланмоқда. Бунинг учун 4,5 миллиард сўм қийматидаги иш бажарилиши кўзда тутилган. 

Сувнинг ерга сингиб исроф бўлиши олдини олиш мақсадида амалга оширилаётган ушбу тадбир ҳудудда 2 минг 347 гектар майдоннинг сув таъминотини яхшилайди. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти жорий йилнинг 30-31 март кунлари Жиззах вилоятига ташрифи давомида пахта майдонларини қисқартириш эвазига мева-сабзавотчиликни ривожлантириш, маҳсулотларни сақлаш ва қайта ишлашга мўлжалланган корхоналар ташкил этиш, соҳада экспортни кучайтириш бўйича долзарб вазифаларни белгилаб берган эди. 
Бу йўналишда вилоятнинг энг чекка тумани – Янгиободда ҳам истиқболли лойиҳалар амалга оширилаётир. Жумладан, “ Хўжамушкентсой” канали бўйлаб фаолият юритаётган турли шаклдаги мулкдорлар 168 гектарда мева, 205 гектарда узум, 200 гектарда полиз, 170 гектарда сабзавот, 80 гектарда экспортбоп булғор қалампири, 70 гектарда ловия, 578 гектарда нўхот, 30 гектарда маккажўхори, 60 гектарда озиқабоп экинлар етиштирмоқда.

Масалан, 7 гектар майдонда олхўри, 2 гектарда олма, 60 сотихда гилос, 50 сотихда ўрик, 5 гектарда узум етиштираётган “ Савот мевазори” фермер хўжалигида дастлабки самаралар кўзга ташланиб қолди. 

– Ўтган йили олхўридан 6 тонна ҳосил олгандик, бу йил 10 тоннани мўлжаллаяпмиз, – дейди “ Савот мевазори” фермер хўжалигининг иш бошқарувчиси Мавлонқул Тоғаев. – Дарахтларнинг чангланишини яхшилаш учун асаларичиликни йўлга қўйдик. Ҳали боғимиз мевага тўлиқ киргани йўқ. Токзоримиз ҳам янги. Даромадимиз яқин йилларда бир неча баробарга ортади. Паррандачилик ва чорвачилик йўналишидаги янги лойиҳаларни амалга ошириш устида иш олиб бораётирмиз. 

Қишлоқ хўжалигининг ривожлантиришда амалга оширилаётган янгиланишлар фақат маҳсулот етиштиришда эмас, сақлаш, қайта ишлаш, экспорт қилиш тармоқларида кўриниб турибди. Масалан, “Совотагроголд” масъулияти чекланган жамияти жамоаси 100 гектар ерда узум, 500 гектар ерда экспортбоп сабзавот етиштиришни ҳамда минг тонналик мева ва сабзавот сиғимига эга совутгич қуриш ниятида. “ Совотагроэкспорт” масъулияти чекланган жамияти эса 50 гектар майдонда томчилатиб суғоришни жорий этиб, ёнғоқ ва гилоснинг Италиядан келтирилган навларини экишга ҳозирлик кўраётир. 

Шунингдек, ҳудудда 2019 йилда 4 гектар ерда гидропоника усулида помидор етиштириш йўлга қўйилади. 500 тонналик мева сақлаш совутгичи ва 3 тонна мевани қайта ишлаш цехи ишга туширилади. 

Ҳудудда сувдан фойдаланиш самарадорлигини ошириш мақсадида барча хўжаликларда томчилатиб суғориш тизимини жорий этиш мўлжалланмоқда. 

Туман қишлоқ хўжалиги самарадорлигини оширишда яна бир имконият – ер ости сувларидан фойдаланиш. Шу мақсадда ҳозиргача 50 та қудуқ ковланди, йил охиригача яна шунча қудуқ қазилади. 2019 йилда яна 50 та қудуқ ковланади. Бу эса 45 минг гектар лалми майдонни сувли билан таъминлаш имконини беради. 

“Янгиободузумсервис” масъулияти чекланган жамияти тумандаги ер ости сувидан самарали фойдаланаётган хўжаликлардан бири. Жамият тасарруфидаги 4 та қудуқдан фойдаланиб, 295 гектарида узум етиштираётир. Келгуси йилдан ҳар гектар токзордан 10 тоннадан узум олишни мўлжаллаётган жамоа ҳосилнинг бир қисмини сақлашга қўйиш учун 177 миллион сўмлик совутгич қурмоқда. Ҳосилнинг қолган қисмини майизга айлантириб, экспорт қилиш режалаштирилган. 

“Янгиободузумсервис” масъулияти чекланган жамияти 1 гектарда ток кўчати етиштирилаётгани ушбу тармоқни йўлга қўймоқчи бўлган бошқа мулкдорларга ҳам қўл келаётир. Бу йил кузда ва келаси йил баҳорда кўчатзорни 5 гектарга етказиш мўлжалланяпти. 

– Германиядан 135 миллион сўмлик технология келтириб узумни қайта ишлашни йўлга қўймоқчимиз, – дейди жамият ҳисобчиси Абдусалом Рустамов. – Бунинг учун бинони ҳам ҳозирлаб қўйдик. Шунингдек, 35 миллион сўмга ток устунлари – шпалерлар ишлаб чиқарадиган ускуна олиб келиш бўйича ҳам иш олиб боряпмиз. Келгуси йилдан 95 гектар майдонда томчилатиб суғоришга ўтамиз. 

Жамият аъзолари ушбу лойиҳаларни амалга ошириш учун банкдан 3 миллиард сўм кредит олишни режалаштирган. 

Мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантиришда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар яқин йилларгача ҳосил тақдири фақат об-ҳавога боғлиқ деб ҳисобланадиган лалми ҳудудларга бўлган муносабатни ҳам ўзгартирмоқда. Соҳадаги истиқболли лойиҳаларнинг қўллаб-қувватлаши, тадбиркорлик учун яратилган қулай муҳит, янги замонавий технологиялардан фойдаланиш туфайли адирлар бағрида боғ-роғлар, экинзорлар пайдо бўлмоқда. Қайта ишлаш корхоналари, янги иш ўринлари барпо этилаётир. Бунинг барчаси аҳоли турмуш фаровонлиги ошишига олиб келмоқда.

Тошқул Бекназаров, ЎзА
4 035