ЎзА Ўзбек

26.03.2020 Чоп этиш версияси

Янгиланаётган академия: бўлажак мутахассислар замонавий масканда таълим олмоқда

Янгиланаётган академия: бўлажак мутахассислар замонавий масканда таълим олмоқда

Бугун жаҳонда рўй бераётган глобал ўзгаришлар ҳар бир соҳа учун юқори малакали профессионал кадрлар тайёрлашни тақозо этмоқда. Ички ишлар вазирлиги Академияси ҳам мамлакатимиз ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларини етук малакали кадрлар билан таъминлаб келаётган олий таълим муассасаларидан бири саналади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йил 29 июнь куни ўқув даргоҳига ташриф буюриб, Академиянинг нуфузи ва мақомини ошириш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш бўйича устувор вазифаларни белгилаб берган эди.

Ушбу тарихий ташрифдан сўнг таълим муассасасини ривожлантиришнинг асосий йўналишларидан бири сифатида моддий-техник базани мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилди. Қисқа фурсатда таълим жараёнини илғор педагогик технологиялар асосида ташкил этиш, профессор-ўқитувчилар ҳамда тингловчи-курсантлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида кенг кўламли бунёдкорлик ишлари бошлаб юборилди. Улкан ҳажмдаги қурилиш ва ободонлаштириш ишларидан сўнг Академиянинг қиёфаси янгича мазмун-моҳият ва замонавий кўриниш касб этди.

Дастлаб, Маънавият ва маърифат маркази биноси фойдаланишга топширилди. Турли бадиий кечалар ва тадбирлар ўтказиб келинган марказнинг эски биноси салобат ва кўриниш жиҳатдан одмироқ, устига-устак зиё маскани номига муносиб эмасди. Капитал таъмирдан сўнг, бино миллий ҳамда замонавий меъморчилик анъаналарини ўзида мужассам этган муҳташам масканга айланди. Марказдан 650 ўринли анжуманлар зали, Академия тарихи музейи ва маънавий-маърифий тадбирларни ўтказишга мўлжалланган бошқа хоналар ўрин олган. Айниқса, бино йўлаклари ва диққатга сазовор жойларининг буюк тарихимиз ҳамда тараққиётимизни акс эттириб турувчи нодир фотосуратлар билан безатилгани эътиборга молик. Натижада, маскан ёшларга илм-маърифат улашувчи, зиё тарқатувчи гўшага айланди.

Академия ўқув биносининг аввалги кўринишини ҳозиргиси билан қиёслаш учун кўп эмас, яқин бир йил ортга назар ташлаш кифоя. Аудиториялар, машғулот хоналари эскириб қолган, ёруғликталаб, йилнинг ёз ойларида иссиқ, изғиринли кунларда эса сувуқ эди. Бу эса дарс машғулотларини замонавий ёндашувлар асосида ташкил этишни қўя туринг, ҳатто самарали ўтказишга ҳам имкон бермасди. Шу боис, мазкур иншоот туб қурилиш-таъмирлаш ишларини бошдан кечирди. Қисқа фурсатда, бу ерда тингловчи ва курсантларнинг билим олишлари учун барча шарт-шароитлар яратилди. Ҳар бири 450 ўринга мўлжалланган бешта аудитория, еттита мутахассислик кафедрасининг ўқув медодик ва машғулот хоналари мультимедиа воситалари ҳамда компьютер технологиялари билан жиҳозланди. Назарий ва амалий машғулотлар сифатини яхшилаш, таълимнинг интерфаол усулларини қўллаш мақсадида ўқув жараёнини мониторинг қилиш тизими йўлга қўйилди. Таълим тизимига татбиқ этилган бу янгилик кадрлар тайёрлаш сифатини юксалтириш, ўқув жараёнини мониторинг қилиш орқали назарий ва амалий машғулотларни замон талаблари даражасида йўлга қўйиш имконини берди.

photo_2020-03-26_20-10-10.jpg  

Яратувчанлик ҳаракатлари ҳақида гапирганда, янгидан қад ростлатган Ахборот-ресурс маркази ҳақида алоҳида тўхталиш лозим. Мазкур иншоот ўзининг нодир архитектураси ва маҳобати билан эътиборни тортади. 2000 ўринга эга марказда яратилган қулай шароитлар нафақат курсант ва тингловчилар, балки илмий тадқиқотчилар ҳамда профессор-ўқитувчиларнинг турли адабиётларга бўлган эҳтиёжини тўла қондиради, десак муболаға бўлмайди. Ахборот-ресурс марказида иккита мутолаа зали, учта электрон ўқув зали ҳамда махфий адабиётлар секцияси таркибида яна иккита кичик заллар фаолият юритмоқда. Электрон ўқув заллари сўнгги русумдаги компьютер технологиялари билан жиҳозланган бўлиб, фойдаланувчилар шу ернинг ўзида интернет тармоғи орқали Алишер Навоий номидаги миллий кутубхона билан боғланиш имкониятига эгалар. Марказдан 260 ўринли катта анжуманлар зали, илмий-амалий конференциялар зали, расмий меҳмонларни қабул қилиш ва кутиш хонаси ва бошқа хоналар ўрин олган. Шу ўринда, марказнинг сўнгги русумдаги ахборот тарқатиш техногогиялари билан жиҳозланганини ҳам алоҳда айтиш жоиз.

Таълим даргоҳининг спорт мажмуасини Академия ичидаги шаҳарчага қиёсласаш мумкин. Бунёдкорлик ишларидан сўнг бу ерда спортнинг кураш, самбо, каратэ, дзю-до, волейбол, баскетбол ва бошқа турлари учун мўлжалланган учта зал, энг замонавий инвентарлар билан жиҳозланган тренажёр зали, футбол майдони, ёпиқ сузиш ҳавзаси, ювиниш хоналари барпо этилди. Натижада соҳа ходимлари ва тингловчи-курсантларнинг жисмоний чиниқишлари ҳамда спорт билан мунтазам шуғулланишлари учун қулай шароитлар яратилди. Дарвоқе, мажмуа қошида Академиянинг спорт ҳаётидан сўзловчи музей ҳам фаолият юритмоқда. Бу ердан таълим муассасаси спортчиларининг Осиё ва Жаҳон миқёсидаги нуфузли мусобақаларда қўлга киритган ютуқлари ўрин олган.

Давлатимиз томонидан хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини юксалтиришга қаратилаётган эътибор самараси ўлароқ, таълим муассасасида ўқиш истагини билдирган ёшлар сафи йилдан-йилга кенгайиб бормоқда. Ҳозирги кунда Академиянинг кундузги таълимида 150 нафардан ортиқ курсант қиз билим олмоқда. Улар учун муносиб шарт-шароитлар яратиш, қизиқиш ва орзу-ҳавасларини қўллаб-қувватлаш масалалари устувор аҳамият касб этиши табиий. Тўрт қаватли янги турар жой биносининг бунёд этилгани ҳам бўлажак мутахассислар учун айни муддао бўлди. Бинобарин, 600 ўринга мўлжалланган ётоқхонада қизларнинг ҳордиқ чиқариши, севимли машғулоти билан шуғулланиши ва маънавий ҳордиқ чиқариши учун барча қулайликлар мавжуд.

Мухтасар айтганда, таълим муассасасининг замонавий қиёфаси юртимизда амалга оширилаётган бунёдкорлик ҳаракатларига ҳамоҳанг тарзда янгиланиб бормоқда. Бу янгиланишлар эса соҳа учун етук билимли кадрлар тайёрлаш баробарида, келажагимиз ворисларининг орзу ва мақсадларини рўёбга чиқаришга хизмат қилаётгани билан барчамизни қувонтиради.

Жамшид ХОЛОВ,
ИИВ Академияси матбуот хизмати ходими.

3 073
ЎзА