Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

14.08.2017 15:19 Чоп этиш версияси

Янгича фикрлаш ва ишлаш – давр талаби

"Фарғона: янги марралар, янгича фикрлаш, янгича ёндашув". Халқаро пресс-клубнинг Фарғона шаҳрида бўлиб ўтган навбатдаги сайёр анжумани шундай номланди.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси мамлакатимизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотларни янги босқичда давом эттиришда юксак самаралар бермоқда. Айниқса, ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиёти ва аҳоли фаровонлигини янада оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Фарғона вилояти ҳокими Ш.Ғаниев ва вилоятнинг бошқа мутасаддилари иштирок этган тадбирда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг вилоятдаги ижроси, давлат ва ҳудудий дастурларнинг бажарилиши, ҳудудда туризмни ривожлантириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Фарғона вилоятида жорий йилда иқтисодиётнинг етакчи тармоқларини модернизация ва диверсификация қилиш, таркибий ўзгаришларни янада кенгайтириш орқали макроиқтисодий барқарорликни мустаҳкамлашга қаратилган мақсадли дастурлар ишлаб чиқилиб, ижроси тўлиқ таъминланмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг 2017 йилги Инвестиция дастурига кўра, вилоятдаги 14 йирик корхонада кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жорий йил биринчи ярмида 41,6 миллиард сўмлик инвестициялар ўзлаштирилди.

Кейинги йилларда шаҳар ва туманларда ҳам ҳудуд имкониятидан келиб чиқиб, истиқболли дастурлар ҳаётга татбиқ этилаётир. Масалан, Марғилон шаҳридаги “Автомобилист” хусусий корхонасида мевани қайта ишлаш лойиҳаси фойдаланишга топширилди ва янги иш ўринлари яратилди.

Ҳудудий инвестиция дастури доирасида 138 истиқболли лойиҳа амалга оширилмоқда. Албатта, бунда қишлоқ ҳудудларида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга, саноат корхоналарини ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Вилоятда инвестиция муҳитини янада яхшилаш бўйича режалар белгилаб олинган. Бунинг учун ҳудудда халқаро молия институтлари иштирокида 54 лойиҳа амалга оширилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 8 августдаги “Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида муайян ишлар бошлаб юборилган. 2017 йилда туман ва шаҳарларни комплекс ривожлантириш, аҳоли турмуш тарзини янги босқичга олиб чиқиш ва ижтимоий ҳимоя қилиш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича ишчи гуруҳлар ташкил этилган. Белгиланган вазифа ва топшириқлар ўз вақтида бажарилиши юзасидан “йўл харитаси” ишлаб чиқилган. Унда ҳар бир ҳудуднинг аҳоли сони ва таркибидан тортиб, таълим, маданият, спорт ва бошқа тармоқлардаги маълумотлар, режалар, муаммолар ўз ифодасини топган. Шунингдек, вилоятда тиббиёт ва туризм соҳаларида ҳам кўплаб ишлар амалга оширилмоқда.

Анжуман давомида иштирокчилар ёшлар таълим-тарбияси, вилоятда туризмни ривожлантириш, жойларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини янада мустаҳкамлаш, шаҳар ва туманлардаги дастурлар ижроси ҳақида ўз таклиф ва ташаббусларини билдирди. Ҳудудлардаги баъзи муаммоларни ҳал этиш бўйича фикр алмашилди.

Фарғона ўзининг буюк алломалари, шоирлари ва санъаткорлари билан ҳам машҳур. Аҳмад Фарғоний, Бурҳониддин Марғиноний сингари буюк аждодларимизнинг бой илмий меросини ўрганиш, уларни ёш авлод онгига сингдириш ҳам муҳим вазифадир. Айниқса, Қўқон адабий муҳити борасида халқимиз етарли манбага эга эмас. Халқаро пресс-клубнинг сайёр анжуманида бу масалага ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Вилоят аҳолиси телефон ва ижтимоий тармоқлар орқали ўзларини қизиқтираётган саволлар билан мурожаат қилиб, мутасаддилардан жавоб олди.

Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА
2 984






Все о погоде - Pogoda.uz