ЎзА Ўзбек

25.09.2020 Чоп этиш версияси

Янги Ўзбекистоннинг дунё ҳамжамиятига мурожаати

Янги Ўзбекистоннинг дунё ҳамжамиятига мурожаати

Куни кеча янги Ўзбекистон тарихидаги яна бир оламшумул воқеа содир бўлди. 

Давлатимиз раҳбари дунёнинг энг юксак минбаридан сўзлаган залворли нутқ илк бор буюк Навоий тилида янгради. Ушбу воқеа юртимиз билан бир қаторда, бошқа кўплаб мамлакатларда яшаётган эллик миллиондан ортиқ миллатдошларимизни жунбишга келтиргани аниқ.

Тарих ҳақиқати шуки, бу – охирги беш аср давомида миллат ҳаётида кузатилган энг шарафли саналардан биридир. Аслида, бу воқеа сўнгги йилларда юртимизда кузатилаётган янги илмий-маданий ва ижтимоий-иқтисодий юксалиш, илмий тилда айтганда, Ренессанснинг яна бир амалий ифодаси сифатида намоён бўлди.

Дарҳақиқат, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-юбилей сессиясидаги серқирра ва ёрқин нутқи тенглар ичида тенглигини таъминлашга қаратилган юртимизнинг собитқадам олғалашидаги муҳим босқич, шоир орзу қилганидек, халқимиз қадди-басти ғоздек тикланишининг амалдаги ифодаси бўлди. Яна шуниси муҳимки, Президентимиз нутқи, буюк бобокалонимизнинг пурмаъно сўзлари каби, нафақат туркийзабон халқлар, балки дунё ҳамжамиятига қаратилди. Шунинг учун ҳам у нафақат халқимиз, балки умумбашариятнинг тинч ва фаровон келажагини яратиш бўйича ниҳоятда сиқиқ, лекин уммондек қамровли режадек салобатли кўринишда ўзини намоён этди.

Чинданам, нутқ ниҳоятда серқирра бўлди. Унда бугунги дунёнинг энг катта ташвишига айланган тожсимон вирус пандемиясидан бошлаб, соғлом келажакка таҳдид солаётган Орол фожиаси ва иссиқхона газлари миқдорининг ошиши каби экологик муаммолар, нафақат Марказий Осиё, балки бутун халқаро ҳамжамият хавфсизлигига хатарли таҳдид бўлиб қолаётган Афғонистондаги вазият, пандемия туфайли тобора чуқурлашиб бораётган озиқ-овқат хавфсизлиги билан боғлиқ муаммолар, курраи замин аҳолисининг анчагина қисми азият чекаётган қашшоқликка барҳам бериш, дунёнинг келажакдаги қиёфасини ўзида мужассам этган икки миллиарддан ортиқ ёш авлод ҳуқуқларини тўлиқ рўёбга чиқариш, гендер тенглиги ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш каби кўплаб глобал қамровли масалалар кўтарилди. Табиийки, уларнинг барчаси аҳамиятини тўлиқ идрок этиш чуқур тафаккур ва етарли вақтни талаб қилади. Ушбу мақолада эса, мен Президентимиз нутқида кўтарилган масалаларнинг айримлари бўйича илк таассуротларимни баён этмоқчиман.

Биринчи таассурот нутқда кўтарилган ҳар бир муаммонинг нафақат аниқ-тиниқ белгилаб қўйилгани, балки унинг самарали ечимини кафолатлайдиган халқаро механизмларни яратишга қаратилган амалий таклиф ва ташаббуслар билан мустаҳкамлангани билан боғлиқ. Масалан, дунё сиёсатчилари томонидан сессияга тақдим этилаётган мурожаат ва маърузаларни диққат билан кузатаётган ҳар қандай кишининг назаридан четда қолмайдиган хусусиятлардан бири шуки, уларнинг барчасида пандемия туфайли вужудга келган оғир вазият ва унинг келажакдаги салбий оқибатлари ҳақида кўплаб хулоса ва башоратлар қилинмоқда. Шунингдек, пандемия асоратларини бартараф этиш барча давлатлар ва халқаро ташкилотлар саъй-ҳаракатларини бирлаштиришни тақозо этаётгани такрор-такрор уқтирилмоқда.

Табиийки, Ўзбекистон Президенти ҳам ушбу ҳассос масалага тўхталди. Назаримда, унинг муаммога ёндашувини бошқалардан ажратиб турадиган жиҳат шу бўлдики, давлатимиз раҳбари чиқишида мазкур хатар моҳиятининг умумий баёни эмас, балки унинг ечимига хизмат қиладиган халқаро механизмни яратиш қайғуси устуворлик қилди. Чинданам, халқимизнинг ҳикматли мақолида таъкидланганидек, “ҳолва деган билан оғиз чучимас”. Бунинг учун ҳолвани тайёрлаш ва уни фойдали маҳсулотга айлантириш йўлларини билиш лозим. Худди шу каби, пандемия ҳақида кўп ва хўб гапириш ҳам ундан халос бўлишни кафолатламайди. 

Бунинг учун амалий ҳаракатлар керак. Пандемиялар даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги халқаро кодексни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш ҳақидаги Ўзбекистон таклифи айни шу мақсадни кўзлайди. Унинг номидан кўриниб турганидек, бундай ҳужжатнинг мақсади фақат бугунги пандемияни бартараф этиш билан чекланмасдан, истиқболда содир бўлиши эҳтимоли катта бўлиб қолаётган бу каби офатларга қарши самарали нг узоқ муддатли механизмини яратишдир. 

Шубҳа йўқки, бу инсоният олдида кўндаланг турган долзарб вазифага айланган ҳақиқатдир. Бамисоли халқаро ҳамжамиятнинг мураккаб вазиятлардаги юриш-туриши одоби қоидаларини ўзида мужассам этиши назарда тутилаётган бундай халқаро ҳужжат глобал кўламли офатларга қарши кураш ва уларни бартараф этишда инсониятга қанчалик қўл келиши ҳақида алоҳида гапиришга ҳожат йўқ.

Президентимиз нутқида баён этилган пандемия билан боғлиқ муҳим хулосалардан яна бири, ушбу қаттол офатнинг барча халқлар, айниқса, уларнинг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари аҳволини оғирлаштириб бораётгани ҳақида бўлди. “Йўғон чўзилар, ингичка узилар” деганидек, бугунги воқелик беистисно барча мамлакатлар аҳолисининг катта қисми турмуш тарзига сезиларли салбий таъсир кўрсатмоқда. Демак, бундай қалтис вазиятни ислоҳ этиш халқаро ҳамжамиятнинг умумий вазифасига айланди. Бинобарин БМТ Бош Ассамблеясининг навбатдаги сессияси кун тартибига қўйиладиган асосий масалалардан бири қашшоқликни тугатиш ва камбағалликка қарши курашиш ҳамда ушбу масалага бағишланган глобал саммитни ўтказиш бўлиши лозимлиги таклифи бугунги воқелик тақозосидир. Ушбу таклиф зикр этилган умумий муаммони баргаликда бартараф этиш йўлларини излаш ва бунинг учун лозим чораларни кўриш истаги билан суғорилгани кундек равшан. Инсониятнинг катта қисми кўнглидаги бундай истак халқаро кўламда қўллаб-қувватланишига шубҳа йўқ.

Маълумки, Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати марказида турган масалалардан бири ён қўшнилар билан алоқаларни жадал ривожлантириш, бошқача айтганда, Марказий Осиё минтақасида аҳил қўшничилик муҳитини мустаҳкамлашдир. Бу мақсадга эришиш кўп жиҳатдан “маданий дипломатия” деб номланадиган ¬– туб негизида маданий-маънавий омиллар ётадиган тарихий ришталарни жонлантириш ва уларга бугунги ҳаётий заруратлар тақозо этаётган мазмун-моҳиятни сингдириш билан боғлиқ. Шу маънода Ўзбекистон раҳбарининг нутқида яна бир муҳим амалий таклиф олға сурилди. 

Унинг моҳиятини Марказий Осиё минтақаси халқлари томонидан умумбашарий тамаддун ривожига қўшилган улкан ҳиссани халқаро миқёсда оммалаштиришни фаоллаштириш, шу орқали уларнинг жаҳон цивилизациясидаги ҳақиқий ўрнини янада тиниқлаштириш ташкил этади. Бу таклиф 2021 йилда ЮНЕСКО ташкилоти билан биргаликда Хива шаҳрида “Марказий Осиё ¬– жаҳон цивилизациялари чорраҳасида” деб номланадиган халқаро форумни ўтказишга Ўзбекистоннинг тайёр экани шаклида олға сурилди.

Ушбу ташаббуснинг аҳамияти шундаки, Марказий Осиё минтақасининг умумжаҳон аҳамиятига молик қадимий ва бой умумий мероси ҳақидаги билимлар дунё миқёсида ҳанузгача етарли даражада оммалашмаган. Ёки уларнинг талқинида баъзан қасддан, айрим ҳолларда эса, асл маълумотларни билмаслик туфайли хатоларга йўл қўйилмоқда. Бундай хатоларни ўнглаш, тарихий ҳақиқатни тиклаш ҳамда Марказий Осиёнинг халқаро муносабатлар тизими субминтақаси сифатидаги жозибали имижини яратиш, шунингдек, уни халқаро жамоатчилик орасида оммалаштиришнинг энг самарали йўлларидан бири айнан шундай мулоқотлардир. Иккинчи тарафдан, улар давлатимиз раҳбарининг минтақавий ҳамкорлик ва ривожланишни жадаллаштиришга қаратилган саъй-ҳаракатларини рўёбга чиқаришга хизмат қилади.

Ўзбекистон раҳбарининг нутқида кўтарилган бошқа масалалар ҳам ўзининг ҳаётий кучи ва амалийлиги, ҳам минтақа давлатлари, ҳам халқаро ҳамжамият ривожланиши йўллари ва суръатларини умумманфаатли тарзда амалга оширишга мўлжаллангани билан алоҳида аҳамият касб этади. Нутқда баён этилган фикр-мулоҳазалар, таклиф ва тавсиялар, хулоса ва прогнозларнинг умумий мазмун-моҳиятидан келиб чиқиб айтиш мумкинки, у пандемиядан чиқарилган аччиқ сабоқларга суянган ҳолда адолатли глобал тизимни яратиш ва уни мунтазам равишда мустаҳкамлаб бориш муаммоси бўйича халқаро аҳамиятли муҳим қўлланма бўлиб қолади.

Зоҳидулло Мунавваров,
Ўзбекистон халқаро ислом академияси
халқаро муносабатлар кафедраси мудири,
сиёсий фанлар доктори, профессор

1 735
ЎзА