ЎзА Ўзбек

09.12.2018 18:08:47 Чоп этиш версияси

Янги йилнинг бош арчаси ўрнатилмоқда


Шу кунларда юртимизда қиш фаслининг тароватли байрами Янги йил шукуҳи кезиб юрибди, десак муболаға бўлмайди.

Пойтахтимиздаги бир қатор масканларда аллақачон Янги йилнинг илк даракчиси бўлган арча байрамона безатиб қўйилганига гувоҳи бўлиб улгурдик. Шу ўринда юртдошларимизда савол туғилиши табиий: бу йил мамлакатимизда Янги йилнинг Бош арчаси қаерда ўрнатилади?

Маълумки, узоқ йиллар давомида Янги йилнинг асосий арчаси пойтахтимизнинг бош майдони – Мустақиллик майдонида ўрнатилишига кўникиб қолган эдик. Аммо сўнгги икки йилда Бош арча “Анҳор-Локомотив” истироҳат боғига ўрнатилди. Бу йил эса юртдошларимиз Янги йил байрамининг асосий тантаналарини янги манзил – Мустақиллик шоҳ кўчасида, яъни Ёшлар ижодиёт саройининг орқа томонидаги очиқ майдонда қарши олишадиган бўлди. Бу хабарни Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати ҳам тасдиқлади. Бугун эрталабдан Мустақиллик шоҳ кўчасига Янги йил байрамининг бош арчасини ўрнатиш ишлари бошлаб юборилди. Бундан ташқари Янги йил арчаси пойтахтимизнинг яна олтита нуқтасида пайдо бўлади.

photo5217834890807060969.jpg

Тошкент шаҳар ҳокимлиги маъмурияти байрамгача Тошкент янада ёрқин ва чиройли бўлишига ишонтирмоқда. Эслатиб ўтамиз , жорий йил ҳам юртдошларимиз Янги йил байрами муносабати билан 30 декабрдан то 3 январга қадар дам олишади.