ЎзА Ўзбек

26.12.2016 14:51 Чоп этиш версияси

Фарғона туманида янгиланган намунавий лойиҳадаги уйлар ўз эгаларига топширилди

Фарғона туманида янгиланган намунавий лойиҳадаги уйлар ўз эгаларига топширилди Фарғоналик Саидолим Иброҳимов хонадони учун 2016 йил омадли бўлди. Бу ёш оила Фарғона туманида янгиланган намунавий лойиҳалар асосида қад ростлаган замонавий ва арзон уй-жойлардан бирининг соҳибига айланди.

– Фаровон яшаш учун барча шароитлар муҳайё этилган уйга кўчиб ўтганимиздан бахтиёрмиз, янги йилни янги уйда кутиб оламиз, – дейди С. Иброҳимов. – Ёш оилалар имконияти ҳисобга олиниб, имтиёзли кредит ва бошқа имкониятлар яратилаётгани мамлакатимизда аҳоли фаровонлигини юксалтириш, айниқса, ёш оилаларга муносиб турмуш шароити яратиш, инсон манфаатларини таъминлашга қаратилаётган доимий эътибор ифодасидир.

Оилавий шароитидан келиб чиқиб Саидолим икки қаватли уйдан икки хонали уй олди. Кенг ва шинам хоналарда фарзандларининг соғлом ва баркамол улғайиши учун барча шароит яратилган.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 21 октябрдаги "2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури тўғрисида"ги қарори бу борадаги ишларни янги босқичга кўтаришда муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Мазкур ҳужжат ижроси доирасида аҳолини замонавий, шинам турар жой бинолари билан таъминлаш мақсадида Фарғона туманидаги Миндонобод массивида 32 хонадондан иборат 2 қаватли иккита, хўжалик иморатлари ва алоҳида ҳовлиси бўлган 10 оилага мўлжалланган бир қаватли уйлар қурилиб, кам таъминланган ва эҳтиёжманд оилаларга тантанали равишда топширилди.

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш, аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш, инсон манфаатларини таъминлашга хизмат қилаётгани таъкидланди.

Дарҳақиқат, бугун қишлоқда умргузаронлик қилаётган юртдошларимиз ҳам барча соҳада амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар самарасини, рўй бераётган ўзгариш ва янгиланишларни ўз ҳаётида яққол ҳис этмоқда, эртанги кунга ишончи мустаҳкамланмоқда. Қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури амалга оширилаётгани қишлоқларимиз ривожига, у ерда истиқомат қилаётган аҳолининг турмуш ва маиший шароитларини янада яхшилаш, умуман, қишлоқ аҳоли пунктларининг меъморий қиёфасини тубдан ўзгартиришга хизмат қилмоқда. Фуқаролар учун қулай имтиёзли кредитлаш тизими назарда тутилгани аҳоли, айниқса, ёш оилаларга арзон уй-жойга эга бўлиш, бахтли ва фаровон ҳаёт кечириш учун катта имкон яратади.

Фарғона вилоятида 2017 йилда қишлоқ массивларида 32 хонадондан иборат 2 қаватли 240, хўжалик иморатлари ва алоҳида ҳовлиси бўлган 604 оилага мўлжалланган бир қаватли уйлар бунёд этилади.

– Қишлоқларимизда қад ростлаётган намунавий уй-жойлар, замонавий таълим, тиббиёт муассасалари, ишлаб чиқариш объектлари, маданият ва спорт иншоотлари халқимиз ҳаётини тубдан ўзгартириб, эртанги кунга бўлган ишончини янада мустаҳкамламоқда, – дейди Фарғона тумани ҳокими Содиқжон Имомалиев. – Кейинги йилларда туманда намунавий лойиҳа бўйича кўплаб уй-жойлар, янги мактаб, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари, шифохоналар, стадионлар қурилди. Бир қанча таълим ва тиббиёт муассасалари капитал реконструкция қилинди, таъмирланди. Хизмат кўрсатиш ва сервис шохобчалари кўпаймоқда. Йўллар талаб даражасига келтирилиб, атрофи ободонлаштирилаётир. Аҳолини табиий газ, ичимлик суви ва электр энергияси билан таъминлаш даражасини янада яхшилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Тадбирда Фарғона вилояти ҳокими Ш.Ғаниев сўзга чиқди.

Маъсуджон Сулаймонов, Муқимжон Қодиров (сурат), ЎзА
12 003