ЎзА Ўзбек

31.12.2018 19:32 Чоп этиш версияси

Бугун — 31 декабрдан Фарғона водийси бир маромда ва барқарор табиий газ билан таъминланмоқда

Бугун — 31 декабрдан Фарғона водийси бир маромда ва барқарор табиий газ билан таъминланмоқда

Энди Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятларининг минглаб аҳолиси Янги йилни иссиқ уйларда кутиб олади.

Очиғи, бир неча йилдан бери куз-қиш даврида, ҳаво совуқ кунларда табиий газ босимининг пасайиши, ёки умуман табиий газ бўлмаслиги, айниқса, водий вилоятлари аҳолисининг жиддий ташвишига айланган эди. Бу масала аҳолининг жиддий эътирозларига сабаб бўлиб, оммавий ахборот воситаларида, ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамалар марказида эди.

Ушбу муаммони ҳал этиш, одамларга муносиб турмуш шароити яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан қўшни Қозоғистон Республикасининг “КазТрансГаз” компанияси билан музокаралар ўтказилиб, унинг натижаси ўлароқ Фарғона водийси истеъмолчиларини бир маромда ва барқарор табиий газ билан таъминлаш бўйича муҳим келишув имзоланди.

31 декабрь кунидан эътиборан Фарғона водийси истеъмолчиларига етказиб бериш бошланди. Бу жараён водийдаги кўп сонли аҳоли, саноат ва ишлаб чиқариш корхоналарини бир маромда ва юқори босимда табиий газ билан таъминлаш имконини яратди.

– Янги 2019 йил Фарғона водийси истеъмолчилари учун қутлуғ келадиган бўлди, – дейди “Ўзтрансгаз” акциядорлик жамияти раиси Баҳодир Эшмуродов. – Қозоғистон Республикасининг “КазТрансГаз” компанияси билан эришилган келишувга асосан “Газли – Чимкент –Тошкент – Пунгон“ йўналиши бўйича табиий газ тўғридан-тўғри Газли газни ер остида сақлаш иншоотидан Фарғона водийси истеъмолчиларига етказиб берилади. 

ЎзА​​
10 276