ЎзА Ўзбек

24.12.2019 Чоп этиш версияси

Янги йил ярмаркалари аҳолига манзур бўлмоқда

Янги йил ярмаркалари аҳолига манзур бўлмоқда

Мамлакатимизда Янги йил байрами муносабати билан барча ҳудудларда аҳоли гавжум жойларида қишлоқ хўжалик ва озиқ-овқат маҳсулотларининг савдо ярмаркалари ташкил этилди.

Тошкент шаҳар “Чилонзор деҳқон бозори” масъулияти чекланган жамиятига қарашли Қозиробод савдо шохобчасида ташкил этилган ярмаркада барча турдаги маҳсулотлар бўлиб, кўплаб қайта ишлаш корхоналари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ҳамда асаларичиликка ихтисослашган хўжаликлар, деҳқонлар турли озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан аҳолига хизмат кўрсатмоқда. Ярмаркада 40 га яқин турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари аҳолига бозорга нисбатан арзонлиги билан манзур бўлмоқда.

photo5190848662098521062.jpg

– Байрам муносабати билан бу каби савдо ярмаркаларининг ташкил этилиши, аҳолимизнинг дастурхони тўкин-сочин бўлиб, байрамни ўзгача руҳда кутиб олишига хизмат қилади, – деди Чилонзор туманида истиқомат қилувчи фуқаро Элёр Жўрабоев. – Ярмаркада сотилаётган озиқ-овқатлар нархи ҳам бозорга ва шаҳардаги бошқа савдо марказларига нисбатан арзонлаштирилган. Аҳолига яратилаётган бундай қулайликлар учун ярмарка ташкилотчиларига, аҳоли учун ўз маҳсулотларини арзон нархларда етказиб бераётган фермерлар ва тадбиркорларга ўз миннатдорлигимни билдираман.

Ярмаркаларда маҳсулотларнинг узлуксиз таъминлаш учун таъминотчи корхоналар, агрофирма ва фермер хўжаликлари масъул. Бозор мутасаддилари томонидан ярмарка учун қулай жой ажратилиб, барча шароитлар муҳайё этилган. Ҳар бир ажратилган савдо расталари ҳўл мевалар, полиз экинлари, гуруч, тухум каби истеъмолбоп маҳсулотларга тўлдирилиб, байрамона безатилган.

Эслатиб ўтамиз, Янги йил байрам ярмаркаси 2020 йил 5 январга қадар давом этади.

1 892
Муҳайё ТОШҚОРАЕВА, ЎзА