ЎзА Ўзбек

26.04.2018 10:43 Чоп этиш версияси

Янги йўллар қурилмоқда

Мамлакатимиз автомобиль йўллари тармоғи қарийб 184 минг километр бўлиб, шундан 116560 километри ички хўжаликлараро, қишлоқ, шаҳар ва овулларнинг автомобиль йўлларидир.

Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитаси автомобиль йўллари тармоқларини ривожлантириш ва такомиллаштириш истиқболлари бўйича комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқмоқда. Жумладан, 2017 йили Инвестиция дастурига асосан 264,4 километр умумфойдаланувдаги автомобиль йўлларида қурилиш ва реконструкция ишлари бажарилди. Республика йўл жамғармаси маблағлари ҳисобидан 179,4 километр автомобиль йўли фойдаланишга топширилди. Халқаро молиявий институтлар маблағларини жалб қилиш эвазига халқаро аҳамиятдаги А-380 “Ғузор – Нукус – Қўнғирот – Бейнеу” автомобиль йўлининг 355-440 километр қисмларида – Бухоро вилоятининг Ромитон, Жондор ва Пешку туманлари ҳудудларидан ўтувчи 85 километр 4 тасмали цементбетон қопламали автомобиль йўли янгидан қуриб битказилди.

Шунингдек, мамлакат бўйича автомобиль йўлларида 7249,9 километр узунликда умумий қиймати 3739,3 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишларини амалга ошириш қўмитанинг жорий йилги режаларига киритилган.

Миллий матбуот марказида бўлиб ўтган матбуот анжуманида бу ҳақда маълумот берилди.

Автомобиль йўллари давлат қўмитаси қурилиш бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Давлатёров автомобиль йўллари қуриш сифатини ошириш ва йўллардан фойдаланиш жараёнига комплекс ёндашув масалаларига атрофлича тўхталди. Айниқса, қўмита тизимидаги корхоналарнинг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш мақсадида 238 ҳар хил турдаги йўл қурилиш техникаларининг харид қилиниши йўллар қурилиши ва таъмирлаш жараёнида муҳим аҳамиятга эгадир.

– Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 11 сентябрдаги қарори ижроси юзасидан “Ўзйўлкўкаламзорлаштириш” унитар корхонаси ва унинг вилоятлардаги ҳудудий “Йўлкўкалам” унитар корхоналари ташкил этилиши ҳам тизим фаолияти самарадорлигини оширмоқда, – деди қўмита бош мутахассиси Аброр Бўриев. – Мисол учун, жорий йилда умумфойдаланиш автомобиль йўллари бўйларидаги чегара ҳудудларида 288 минг дона турли манзарали, бутасимон, игна баргли, баланд ва ўрта бўйли дарахт кўчатлари экилиши белгилаб қўйилган эди. Биринчи чоракда Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятлардаги мавжуд умумфойдаланиш автомобиль йўллари чегарасига туташ йўлбўйи ҳудудларида 505,1 километр узунликда кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилди ва 230 мингга яқин ниҳоллар экилди.

Жорий йилнинг биринчи чорагида мамлакатимиздаги 210 километр ички хўжаликлараро минтақавий автомобиль йўллари таъмирланди. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ҳудудларга ташрифи чоғида берилган топшириқларига мувофиқ, дастурга қўшимча равишда яна 315 километр ички хўжаликлараро йўллар ва кўчаларда қурилиш ҳамда таъмирлаш ишлари бошланади. Шунингдек, олтита лойиҳага халқаро молиявий институтлар маблағларини жалб қилиш ҳисобига 75,5 километр қурилиш ишлари бажарилиши ҳам кўзда тутилган.

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА
6 742