ЎзА Ўзбек

07.09.2018 16:08 Чоп этиш версияси

Янги йўл белгилари ўрнатилди

Янги йўл белгилари ўрнатилди
Жиззах вилоятида автойўлларнинг таълим муассасаларига ўтиш жойларида янги йўл белгилари ўрнатилди.

Жиззах вилояти ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ташаббуси билан болаларни йўл-транспорт ҳодисаларидан асраш мақсадида серқатнов йўл бўйларида жойлашган таълим муассасалари олдидаги пиёдалар ўтиш жойларига янги инновацион ғоялар асосида ўқувчилар муляжи ўрнатилди.

2.JPG

– Ушбу огоҳлантирувчи белгининг ўзгача кўриниши ҳайдовчини ҳушёрликка чақиришда яхши самара беради, – дейди вилоят ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси катта инспектори капитан Эркин Очилов. – Амалда қўллаб келинаётган белгига қараганда кўзга анча олисдан ва яққол ташланадиган ўқувчи муляжи ҳайдовчини транспорт воситасининг тезлигини камайтиришга ундаши аниқ.

Айни пайтда бундай белгилар Жиззах шаҳри ва туманлардаги серқатнов йўл бўйларида жойлашган барча таълим муассасаларига ўтиш жойларига ўрнатилди.

6.JPG

Шунингдек, вилоятда ўтказилаётган “Диққат, болалар!” тадбири доирасида ички ишлар йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари янги ўқув йилининг илк кунларида мактабларда бўлиб, йўл ҳаракати қоидаларини тушунтирмоқда. Ўқувчиларда уйдан мактабга ва мактабдан уйга боришда йўлларда хавфсиз ҳаракатланиш юзасидан кўникма ҳосил қилиш мақсадида очиқ дарслар, суҳбатлар ўтказилаётир. Бунда шу йил биринчи синфга чиққан ўқувчиларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Тошқул Бекназаров, ЎзА
11 990