ЎзА Ўзбек

13.08.2018 23:50 Чоп этиш версияси

Янги ҳужжатли фильм суратга олинди

Қуролли Кучлар академиясида Ватанимиз мустақиллигининг 27 йиллигига бағишланган “Саркардалар мактаби. Ўзбекистонда ҳарбий таълим: кеча ва бугун” номли ҳужжатли фильм тақдимоти ўтказилди.

Мудофаа вазирлиги масъуллари, “Ўзбеккино” Миллий агентлиги, “Ҳужжатли фильмлар киностудияси” давлат унитар корхонаси вакиллари, фильм ижодкорлари, ҳарбий хизматчилар иштирок этган тадбирда мамлакатимизда ёшларни жисмонан бақувват, маънан етук, юксак интеллектуал салоҳиятли Ватан ҳимоячиси этиб тарбиялаш борасида амалга оширилаётган ишлар юксак самаралар бераётгани таъкидланди.

Мазкур фильм Қуролли Кучлар академияси ташкил топганининг 100 йиллиги муносабати билан тасвирга олинган бўлиб, унда ҳарбий билим юртининг тарихи ва бугунги кундаги ўзгаришлари, янгиланишларга алоҳида эътибор қаратилган.

– Ушбу фильм ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, армия ва халқ бирлигини таъминлашга хизмат қилади, – дейди сценарий муаллифи Фурқат Эргашев. – Фильмни тасвирга олишда мамлакатимизда жорий этилган ҳарбий таълимнинг ягона тизимида асосий ўринни эгаллайдиган мазкур академия том маънода ҳарбий илм-фан марказига айланганини кўрсатишга имкон қадар ҳаракат қилдик.

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги томонидан ижодкорларга ташаккурнома ҳамда эсдалик совғалари топширилди.

Абдулазиз Мусаев, ЎзА
4 661