Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

01.05.2018 15:47 Чоп этиш версияси

Янги уйларда унутилмас тантана

Янги уйларда унутилмас тантана Фарғона вилояти Фарғона туманида уй-жойга муҳтож, эҳтиёжманд оилаларга янги бунёд этилган уй-жойлар тантанали равишда топширилди.

Кейинги йилларда мамлакатимизда “Инсон манфаатлари ҳар нарсадан улуғ” деган улуғвор ташаббусни ҳаётга татбиқ этиш борасида амалга оширилаётган изчил саъй-ҳаракатлар нафақат юртдошларимиз, балки дунё ҳамжамияти томонидан ҳам кенг эътироф этилмоқда. Бугун юртимизда ҳеч бир инсон ўзини ҳаётнинг жўшқин оқимидан четда ҳис этаётгани йўқ. Меҳр-эътибор ва ғамхўрлик туфайли ҳар бир оиланинг бахти тўкис бўлиб, давлатга, эртанги кунга ишончи мустаҳкамланиб бормоқда.

Ногиронлиги бўлган 12 нафар фуқарога Фарғона туманининг Миндонобод массивида қад ростлаган кўп қаватли уй-жойдан янги уйларнинг бошланғич бадали давлатимиз томонидан тўлиқ тўланган ҳолда имтиёзли банк кредити асосида берилгани ҳам ана шу юксак эътибор ифодаси бўлди.

Кейинги йилларда Миндонобод массивида замонавий шаҳарсозлик меъморчилиги анъаналари бўйича кенг кўламли қурилиш-бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Натижада янгиланган намунавий лойиҳалар асосидаги турар-жойлар, кўп қаватли уйлар ҳудуд кўркига кўрк бағишламоқда, ижтимоий соҳа объектлари, хизмат кўрсатиш ва сервис шохобчалари, тадбиркорлик субъектлари фаолияти жадал ривожланаётир. Уй-жойлар ахборот-коммуникация тармоқлари, электр энергияси, табиий газ, ичимлик суви, каналицазия тизимлари йўлга қўйилиб, аҳолига барча зарур шароитлар яратилмоқда.

Янгиланган намунавий лойиҳа асосида қад ростлаган учта 3 қаватли, ҳар бири 48 хонадонли уйларнинг биринчи қавати тўлиқ ногиронлиги бўлган шахсларга, иккинчи ва учинчи қаватлари эса эҳтиёжманд оилаларга ажратилиши белгиланган. “Имкон қурилиш”, “Саодат” масъулияти чекланган жамиятлари томонидан бунёд этилган ушбу кўп қаватли уйларда барча замонавий шароитлар яратилган. Белгиланган режага кўра, яқин вақт ичида кўп қаватли уйлар атрофида мактаб, мактабгача таълим муассасаси, савдо ва хизмат кўрсатиш мажмуаси, саломатлик маркази қурилиши кўзда тутилган.

Шу куни Фарғона ва Қувасой шаҳри ҳамда Фарғона туманидаги оилаларга янги уйларнинг рамзий калитлари тантанали равишда топширилди. Узоқ йиллар кутилган орзу-армонларнинг рўёбга чиқиш тадбирида бу бахтли инсонларга вилоят ҳокимлигининг эсдалик совғалари тақдим этилиб, куй-қўшиқлар, гўзал рақслар барчани шодон даврага чорлади.

Қувасой шаҳрида яшовчи Моҳигул Эрматованинг ўксик қалби қувончга тўлди. У совға сифатида туҳфа этилган тикув машинасида энди ўз уйида касаначилик асосида ойлик иш ҳақига эга бўлди. Моҳигулнинг оила аъзолари бундан жуда мамнун.

Фарғона туманининг Бўстон маҳалласида истиқомат қилувчи Отабек Мирзамаҳмудов I-гуруҳ ногирони. Таянч-ҳаракат аъзоларидаги хасталик туфайли бир жойда ҳаракатсиз ётади. Турмуш ўртоғи, 8 ва 6 ёшли фарзандлари билан ота уйида қийналиб яшаб келаётган бу оила аъзолари уч хонали шинам уйга кўчиб ўтди.

2.JPG

5.JPG

– Бугун нафақат янги уй, балки янги мебеллар тўплами, ошхона ва ётоқхона жиҳозлари, қўйингки, яшаш учун барча қулайликларни кўриб, ўзимни туш кўраётгандек ҳис қилмоқдаман, – дейди Фарғона туманининг Чимён қишлоғида яшаган Хадича Ёқубова. – Уйимизга алоҳида иссиқлик манбаи, иссиқ-совуқ сув, табиий газ, электр энергияси, канализация тармоқлари тортилган. Уй атрофидаги орасталикдан кўнгил яйрайди.

Маъсуджон Сулаймонов, Муқимжон Қодиров (сурат), ЎзА
5 001