ЎзА Ўзбек

14.09.2018 20:22 Чоп этиш версияси

Янги қувватлар – аҳоли эҳтиёжи учун

Янги қувватлар – аҳоли эҳтиёжи учун “Ўзқурилишматериаллари” акциядорлик жамиятининг ахборот хизмати маълум қилишича, жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида Қашқадарё вилоятида ҳам қатор янги қувватлар ишга туширилди.

Китоб туманидаги “Нозима Жалилова” хусусий корхонаси фаолияти бунга яққол мисол бўла олади. Бу ерда йилига 200 тонна мармар ушоғи ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилган бўлиб, унга сарф қилинган 200 миллион сўм миқдоридаги маблағ ташаббускор ҳисобига тўғри келади. Бундан ташқари, Қарши шаҳридаги “Самандар Санобар Ҳамкор люкс” хусусий корхонаси томонидан бетон маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳаси ҳам шу йилнинг 7 май куни ишга туширилди. Умумий қиймати 2,3 миллиард сўм бўлган лойиҳага ташаббускорнинг ўз маблағи ўзлаштирилиши билан бирга хизмат кўрсатувчи тижорат банки томонидан кредит маблағлари ажратилди. Натижада бу ерда 10 миллиард сўмлик 3000 куб.м. бетон маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

– Бу каби янги қувватларнинг фойдаланишга топширилиши мавжуд имкониятлардан оқилона фойдаланиш самарасидир, – деди “Ўзқурилишматериаллари” акциядорлик жамиятининг ташкилий тузилмасидаги “ҚурилишматериаллариЛИТИ” ихтисослаштирилган лойиҳа илмий-тадқиқот институти МЧЖнинг Қашқадарё вилояти бўйича қурилиш материаллари соҳасига доир инвестиция лойиҳалари йиғма ахборот-таҳлил бўлими мутахассиси Элдор Зайниддинов – Мисол учун Шаҳрисабз туманидаги “Шаҳрисабз Бунёдкори” масъулияти чекланган жамиятидаги шлакоблок ишлаб чиқариш лойиҳасининг амалга оширилиши сабабли туман аҳолисининг қурилиш материалларига бўлган талабини қондириш баробарида улар учун янги иш ўринлари яратилди. Тумандаги “Аваз Малик конверса” масъулияти чекланган жамиятида металл конструкциялар ишлаб чиқариш лойиҳасини ҳам алоҳида эътироф этмоқ зарур. Умумий қиймати 450 миллион сўмни ташкил этган мазкур лойиҳа эвазига бу ерда йилига 25000 куб метр металл конструкциялар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА
2 344